Андижонда Labо ҳайдовчиси пиёдани уриб юборди. Жабрланувчи шифохонада вафот этди (видео)

0

Андижон шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасида Labо автомобили йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Натижада пиёда оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 9 сентябрь куни соат 11:00 да Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро У.Х. Андижон шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасида жойлашган «Лемон» қўшма корхонаси қаршисида Labо автомобилини бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтаётган 38 ёшли аёлни уриб юборган. Оқибатда пиёда тан жароҳатлари олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига бош мия ёпиқ шикасти ташхиси билан ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.

Воқеа жойи ўрганилганда йўлга ётиқ чизиқлари чизилгани, йўл белгилари мавжудлиги, куннинг ёруғ вақти, йўлнинг қатнов қисмида нуқсонлар мавжуд эмаслиги аниқланган. Пиёда 20 метр атрофида яқин оралиқ масофада пиёдалар ўтиш жойи мавжуд бўлса-да, йўлнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган вақтида автомобиль ҳайдовчиси уни кўрмасдан уриб юборган.

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.