Душанбеда толиблар ва қаршилик кучлари вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади

0

Душанбеда Тожикистон ва Покистон воситачилигида «Толибон» ҳаракати ва Афғонистондаги қаршилик кучлари ўртасида музокаралар ўтказилади. Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон маълум қилди.

«Бугунги кунда ўт очишни тўхтатиш ва аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун йўлларни очиш орқали Панжшер вилоятидаги низо ва кескинликни бартараф қилиш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Тожикистон ва Покистон бу мақсадга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Биз Душанбеда толиблар ва тожиклар ўртасида музокаралар ўтказилишида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик», — деди у Покистон бош вазири Имрон Хон билан ўтказилган музокаралар якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.

Раҳмоннинг таъкидлашича, Афғонистон инклюзив ҳукуматида тожиклар ва бошқа этник гуруҳлар ҳам муносиб ўринга эга бўлиши лозим.

«Толибон» август ойида Афғонистоннинг барча вилоятларини эгаллади. Аммо Панжшер узоқ вақт давомида қаршилик кўрсатиб келди.

Ҳозирда вилоят толиблар назоратида, бироқ Аҳмад Масъуд бошчилигидаги қаршилик кучлари толибларга қарши курашни тўхтатгани йўқ.

president.tj

loading...