Ғарбий Африка давлатлари Гвинеяда тўнтариш уюштирган ҳарбийларни сайловлар ўтказишга чақирди

0

Ғарбий Африка давлатлари раҳбарлари Гвинеяда ҳокимиятни қўлга олган полковник Мамади Думбуя билан учрашиб, уни келаси олти ой ичида мамлакатда сайловлар ўтказишга чақирди.

Гана президенти Нана Акуфо-Аддо ва Кот-д’Ивуар президенти Алассан Уаттара Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамиятининг (ECOWAS) минтақавий саммитидан сўнг Гвинея пойтахти Конакрига ташриф буюрди. Саммитда Гвинеяни келгуси олти ой ичида сайлов ўтказишга ундаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Пойтахтда президентлар полковник Думбуя билан учрашиб, унга ECOWAS қарорини етказди. Ҳозирча учрашув натижалари ҳақида маълумот йўқ.

«Биз гаплашяпмиз», — деб жавоб берди Акуфо-Аддо, Думбуя муддатидан олдин сайлов ўтказишга рози бўлдими ёки йўқ деган саволга.

Аввалроқ ECOWAS Гвинеядаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг мамлакатнинг ташкилотга аъзолигини тўхтатган эди. Шунингдек, Африка Иттифоқи ҳам Гвинеянинг иттифоққа аъзолигини тўхтатган.

5 сентябрь куни Гвинея ҳарбийлари мамлакатда тўнтариш уюштириб, президент Алфа Кондени қўлга олди. Кейинроқ ҳарбийлар чегаралар ёпилгани, ҳукумат ва парламент тарқатилгани ва конституцияга амал қилиш тўхтатилгани ҳақидаги баёнотлар билан чиқди.

Гвинея янги ҳукумати 14 сентябрь куни мамлакатдаги сиёсий ва диний раҳбарлар билан ўтиш даври дастурини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар бошлади.

interfax.ru

loading...