АҚШда инфекциянинг вирусли ёки бактерияли эканини ажратиб берувчи экспресс-тестни қўллашга рухсат берилди

0

АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика бошқармаси (FDA) организмга тушган инфекциянинг қандай — вирусли ёки бактерияли эканини 15 дақиқада аниқлайдиган биринчи экспресс-тестни ўтказишга рухсат берди. BV Теst деб номланган тест Исроилнинг МеМеd компанияси томонидан Европа Иттифоқи ва АҚШ Мудофаа вазирлигининг 30 миллион долларлик махсус грант маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилган.

Маълум қилинишича, тест инфекциянинг сабабини аниқламайди, аммо вирусли ва бактерияли инфекцияга қарши иммунитет жавобининг махсус таҳлили туфайли у тезда натижа беради.

«Бу диагностика соҳасида мутлақо янги сўз», — дея Financial Times Утрехт университети тиббиёт марказининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, педиатрия профессори Луи Бонтаннинг сўзларини келтирди. Профессор тестнинг клиник синовларида иштирок этган.

«Болани йўтал билан олиб келишганда, биз унинг йўтали бактерияли инфекциядан келиб чиққанми ёки вирусли инфекцияданми, (ушбу тест орқали) тезда аниқлай оламиз. Агар унда бактерияли инфекция бўлса, антибиотик берамиз, агар вирус бўлса, антибиотик мумкин эмас», — деди у.

МеМеd экспресс-тестларининг клиник синовлари Утрехт марказида уч ойдан бери ўтказилмоқда. Янги тестни ўрганиш ва синовдан ўтказишда Гарвард тиббиёт мактаби, Нью-Йоркнинг Маймонид номи остидаги маркази ва Исроилнинг Хиллел Яффе тиббиёт маркази тадқиқотчилари ҳам иштирок этган.

kommersant.ru

loading...