ДХХ Тошкент ва Фарғона вилоятларида фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди

0

ДХХ Тошкент ва Фарғона вилоятларида фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди, деб хабар берди ЎзА.

 

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс (1978 й.т.) боғдорчилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбарининг ишончига кирган. У раҳбарга танишлари орқали «Ипак Йўли» банкининг Чилонзор туман филиалидан 3 млрд сўм миқдорида кредит ажратилишига ёрдам беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига умумий кредит миқдорининг 10 фоизини беришини сўраган.

 

Ўтказилган тезкор тадбирида мазкур шахс сўралган пулни 28 минг доллар эквивалентида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

 

Бундан ташқари, Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг Фарғона минтақавий инспекцияси мансабдор шахсларидан бири ҳам пора олаётганда ушланди. У қум-шағал қазиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаридан «Марказий Фарғона» сув омбори атрофидаги қум барханларидан лицензиясиз фойдаланишига рухсат бериш ва юқори инспекциядан бўладиган текширувларни ҳал этиш эвазига 5,6 минг доллар сўраган.

 

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида мазкур мансабдор шахс муқаддам ушбу мақсадларда 5 минг доллар олганлиги ҳам маълум бўлди.

 

Шунингдек, Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ҳокимлигининг мансабдор шахсларидан бири «Аёллар дафтари» рўйхатида турувчи фуқарога ҳокимлик балансида бўлган икки хонали уй ажратилишида ёрдам беришини айтган. У бунинг эвазига 5 минг доллар талаб қилган. Мансабдор шахс сўралган пулни олган вақтида ушланди.

 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...