Франция ЕИ ва Австралия ўртасида савдо келишуви тузилишига қарши чиқди

0

Франция ҳукумати Евроиттифоқ ва Австралия ўртасида эркин савдо тўғрисидаги келишув тузилишига йўл қўймаслик билан таҳдид қилди, деб ёзади The Times.

Қайд этилишича, бунга Австралиянинг Франция билан сувости кемалари қуриш бўйича 50 млрд евролик шартномани бекор қилгани сабаб бўлган.

Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Клеман Боннинг сўзларига кўра, Париж Брюсселда бўлиб ўтадиган савдо музокараларини блоклайди.

«Сўзида туриш – демократиялар ва иттифоқчилар ўртасидаги ишончнинг асосий шарти. Шунинг учун биз бошқа ишонмайдиган мамлакат билан ҳеч нарса бўлмагандай савдо музокараларини ўтказишдан маъно йўқ», – деди у.

ЕИ ва Австралия савдо музокараларини 2018 йилда Франциянинг қўллаб-қувватлови остида бошлаганди. Савдо келишувига эришиш учун ЕИнинг барча мамлакатлари рози бўлиши керак.

Аввалроқ АҚШ, Британия ва Австралия ўртасида мудофаа соҳасида янги альянс – AUKUS’га асос солинди.

Альянснинг биринчи ташаббусларидан бири сифатида Австралияни сувости кемалари билан таъминлаш кўрсатилган. Шу сабабли Австралия Франция билан сувости кемалари етказиб бериш бўйича шартномадан чиққан. Париж ўз иттифоқдошларининг бу қарорини «орқадан пичоқ санчиш» деб баҳолаган.

kun.uz

loading...