«Шантаж» чи ўқитувчига чора кўрилди

0

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги мактабда болалар полда ўтирган ҳолда дарсда қатнашаётгани акс этган видеолавҳа 11 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Ҳолатга муносабат билдирган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабнинг айрим ўзаро қариндош бўлган ўқитувчилари ва директор орасидаги келишмовчиликлар сабабли атайлаб шундай қилинганини айтганди. Вилоят прокуратураси ушбу ҳолат бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилиб, муассаса масъулларига чора кўрилганини билдирди.

Унга кўра, мактаб биноси 420 ўқувчи ўринга мўлжалланган бўлиб, 1974 йилда қурилган. Бинони таъмирлаш учун 2021 йилда 3 миллиард сўмдан ортиқ пул ажратилган, қурилиш-таъмирлаш ишлари 10 сентябрда якунланган.

 

Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб биносига қурилиш ишлари якунида 27 та синфхона учун 405 та парта, директор, унинг ўринбосари хоналарига 1 тўпламдан ҳамда ўқитувчилар хонасига 2 тўпламдан зарурий жиҳозлар етказиб берилиши белгиланган бўлиб, қурилиш ишлари якуни бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани сабаб жиҳозлар етказиб берилмаган. Оқибатда мактаб маъмурияти эски жиҳозлардан фойдаланиб, ўқув йилини бошлаган.

 

Ўқитувчилар Н.С. ва О.С.нинг мактаб директори билан дарс тақсимоти масаласида юзага келган келишмовчилиги сабаб ўқув йили бошланган кунлари мактабда мавжуд жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўлишига қармай, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5-синф ўқувчиларига парталар жойлаштирилмаган хонада дарс ўтган.

 

Уларга таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг обрўсига салбий таъсир кўрсатишга урингани учун мактаб педагоглари ва касаба уюшмаси аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси берилган.

 

Шунингдек, текширув натижаси бўйича мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини тўғри ташкил қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.га нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

loading...