Туркиялик хонанда Сердар Ўртач ва «Севги изтироби»даги Асу Тошкентга келади

0

Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан 28 сентябрдан 3 октябргача «Ипак йўли дурдонаси» XIII Тошкент халқаро кинофестивали ўтказилади. Кинофестивалнинг тантанали очилиш маросими Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги киносаройида бўлиб ўтади. XIII Тошкент Халқаро кинофестивали кутилмаган совғалар тайёрламоқда, дея хабар бермоқда «Uz.news».

Фестивальга Туркиянинг машҳур  хонандаси Сердар Ўртач таклиф этилди. Шу ўринда қўшиқчи ҳам ўзбекистонликларга тез орада учрашамиз, деган мазмунда видеомурожаат йўллаган.

Шунингдек, кўплаб меҳмонлар орасида  машҳур турк актрисаси Мелиса Асла Памук ҳам бор. Туркиялик актриса Мелиса Асла Памук халқимизга «Кара Севда» («Севги изтироби») сериалидаги Асу образи билан таниш.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ҳамда 2021 йилдан бошлаб, ҳар йили сентябрь—октябрь ойларида «Ипак йўли дурдонаси» номи билан Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қарорни имзолаган эди.

Ҳужжатга кўра:

-2021 йилнинг 28 сентябрь — 3 октябрь кунлари кинофестиваль XIII Тошкент халқаро кинофестиваль сифатида нуфузли кинофестивалларнинг ғолиб ва номинантлари иштирокида «Тинчлик, тараққиёт ва маърифат» шиори остида ташкил этилади;

-кинофестиваль шиорига мос бўлган ва жаҳон кинематографияси ривожига катта ҳисса қўшган фильмлар ижодкорлари диплом, рамзий ҳайкалча ва 20 минг АҚШ долларидан иборат бўлган 5 та пул мукофоти билан тақдирланади;

-Осиё ва Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивали ўтказилиб, ғолиблар диплом ва жами 32 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.

Маълумот учун, Тошкент халқаро кинофестивали 1968—1997 йилларда ўтказилган ва «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивали» номи билан аталган.

loading...