«Афғонистонни яккалаб қўйиш мумкин эмас» — Шавкат Мирзиёев

0

Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси умумий мунозараларининг биринчи кунида видеомурожаат билан сўзга чиқди. Давлат раҳбари ўз нутқида Афғонистондаги вазиятга алоҳида тўхталиб, Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми эканини қайд этди.

«Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз — қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Шу боис, биз афғон халқига ҳамиша қўлдан келган ёрдамни кўрсатмоқдамиз. Яқинда ўзбек-афғон чегарасини очиб, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта тикладик», — деди президент.

«Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили Ўзбекистон БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий фаолият юритадиган қўмита ташкил этиш таклифини илгари сурганлигини эслатиб ўтди.

«Афғон масаласида БМТнинг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим», — деди у.

loading...