Хусусий шифохоналарда кимлар бепул даволаниши мумкин?

0

Ўзбекистонда 2022 йил 1 январгача хусусий тиббиёт муассасалари (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) тиббий хизматлар кўрсатишдан бўшайдиган маблағларни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирганда барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилган. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали маълум қилди, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

Бунда солиқ имтиёзи тақдим этилган хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатилади:

ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар;
муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;
ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
1941—1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари.
Шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган бошқа шахсларга ҳам хусусий шифохоналарда бепул тиббий хизматлар кўрсатилади.

loading...