2018 йилда Уханда олимлар кўршапалакларга атайлаб коронавирус юқтирмоқчи бўлган

0

Хитойнинг Ухань шаҳридаги олимлар америкалик ҳамкасблари билан биргаликда 2018 йилда Хитой кўршапалаклари популяциясига коронавируснинг таркиби ўзгартирилган зарраларини юқтирмоқчи бўлган. Бу ҳақда COVID-19 келиб чиқишини аниқлаш учун бутун дунё олимлари томонидан тузилган тадқиқот гуруҳи — Drastic’га келиб тушган ҳужжатларга асосланиб, Daily Telegraph хабар берди. Ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг собиқ амалдори тасдиқлаган.

Ҳужжатлар олимлар томонидан грант олиш учун топширилган ариза билан боғлиқ. Тадқиқотчилар ғор кўршапалакларига коронавируснинг «янги кимерик учли оқсиллари»дан иборат нанозарралар ва аэрозолларни уларнинг териси орқали юқтиришни режалаштирган. Олимлар шу йўл билан одамларга юқадиган касалликларга нисбатан кўршапалакларда иммунитет ҳосил бўлишига умид қилган.

Нашрнинг ёзишича, мутахассислар коронавирусни шундай ўзгартирмоқчи бўлганки, натижада у назарий жиҳатдан олиб қараганда, инсон организмига осонроқ мослашган бўларди. Тадқиқотда коронавируснинг хавфлилик даражаси юқори бўлган табиий штаммларини янада юқумлироқ, аммо хавфлилик даражаси камроқ навлар билан аралаштириш режалари бўлган.

Олимлар ўз мақсадларини амалга ошириш учун АҚШ Мудофаа вазирлигининг илғор тадқиқот лойиҳалари бошқармасидан (DARPA) 14 миллион доллар сўраган. Аризани Американинг EcoHealth Alliance ташкилоти вакили, британиялик зоолог Питер Дасзак топширган. Ушбу ташкилот Ухань вирусология институти (WIV) билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, кўршапалаклар коронавирусини тадқиқ қилади. Дасзакнинг гуруҳига WIV тадқиқотчиси Ши Чженли, шунингдек, Шимолий Каролина университети ва АҚШ Геология хизмати миллий ёввойи табиат саломатлиги марказидан америкалик олимлар кирган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги лойиҳани молиялаштиришдан бош тортган. «Питер Дасзак бошчилигидаги лойиҳа маҳаллий аҳолига хавф туғдириши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.

Май ойида The Wall Street Journal Ухандаги Хитой вирусология институтининг камида уч нафар олими 2019 йил ноябрида, коронавирус ҳақида илк маълумот пайдо бўлишидан аввалроқ оғир касаллангани ҳақида ёзганди. Газета таъкидлашича, бу маълумот вируснинг сунъий келиб чиқиши ҳақидаги гипотеза фойдасига гувоҳлик бериши мумкин.

Хитойлик олимлар коронавируслар ва бошқа патогенларни ўрганадиган лабораторияда ишлаган. Ноябрда улар бир вақтнинг ўзида ҳам COVID-19, ҳам оддий мавсумий ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) белгиларига ўхшаган симптомлар билан шифокорларга мурожаат қилган.

loading...