Андижонда уйида ободонлаштириш ходимларини ишлатган ҳоким ўринбосари 13,5 млн сўм жаримага тортилди

0

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Бўстон тумани ҳокими ўринбосари ўз уйида ободонлаштириш ходимларини ишлатгани тасвирланган видео бўйича расмий маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда «Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими муовини ўз уйида ободонлаштириш ишчиларини мажбуран ишлатди» мазмунида хабар тарқалган. Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Андижон вилояти Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, туман ҳокими ўринбосари томонидан Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари соя донини қуритиш ва тозалаш ишларига жалб этилган.

Шу сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида (13,5 миллион сўм) маъмурий жарима қўлланилган.

Аввалроқ Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Ражаббоев туман Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини шахсий ҳовлисида ишлашга мажбурлагани сабаб ишдан олингани тўғрисида хабар берилганди.

loading...