British Airways рейси йўловчилари Тошкент аэропортида ушланиб қолди

0

Исломободдан Лондонга учган British Airways самолёти 83 ёшли йўловчининг аҳоли ёмонлашиб қолгани сабабли эрта тонгда Тошкентга қўнди. Аёл самолёт қўнганидан кўп ўтмай оламдан ўтди. Йўловчилар ҳали ҳам аэропортда қолишмоқда.

22 сентябрь куни тахминан соат 3:30 да British Airways авиакомпаниясининг BA260 рейси билан Исломободдан Лондонга учаётган Boeing-777 самолёти Тошкент аэропортига фавқулодда қўнди. Бу ҳақда «Авиачайхана» Telegram-канали хабар берди, сўнгра парвозларни кузатувчи бошқа манбалар эълон қилди.

Йўловчиларнинг Твиттерда эълон қилган маълумотларига кўра, қўнишга 83 ёшли йўловчи аёлнинг аҳволи ёмонлашгани сабаб бўлган. У самолёт қўнгандан сўнг кўп ўтмай вафот этган.

Рейс йўловчилари пойтахтдаги халқаро аэропорт терминалига жойлаштирилган ва кун бўйи ўша ерда бўлишган. Самолёт техник носозлик сабабли парвозни давом эттира олмаган.

Кундуз куни British Airways Твиттерда экипаж самолётни ортга қайтариб, Тошкентга қўндирганини тасдиқлади, бироқ бошқа ҳеч қандай тафсилотларни келтирмади.

Йўловчилар авиакомпаниядан рейснинг қачон амалга оширилишини маълум қилишини сўраб, сукут сабабли уни танқид қилмоқдалар. Айримлар Покистон ва Буюк Британия бош вазирларига мурожаат қилган.

gazeta.uz

loading...