Ливия миллий армияси қўмондони Халифа Ҳафтар ўз лавозимини вақтинча тарк этди

0

Ҳафтар ЛМА қўмондонлигини уч ой муддатга генерал-полковник Абдураззоқ ан-Нодирийга топширди. У 2021 йилнинг 23 сентябридан 24 декабригача армия қўмондони вазифасини бажаради.

Телеканал хабарига кўра, Ҳафтар унга Ливия президентлиги учун номзодини қўйишга рухсат берувчи сайлов қонуни қабул қилинганидан икки ҳафта ўтиб истеъфога чиқди, у мағлубиятга учраган тақдирда яна ҳарбий лавозимига қайтиши мумкин. Ливия президентлик сайлови тўғрисидаги қонунга кўра, давлат раҳбари лавозимига даъвогарлик қилувчи ҳар бир фуқаро, у ҳарбий бўлса ҳам, сайлов кунидан камида уч ой олдин истеъфога чиқиши керак.

Ливия тарихидаги биринчи президентлик сайловлари Ливия сиёсий мулоқот форумида эришилган келишувларга мувофиқ шу йилнинг 24 декабрида ўтказилади. Сайловлар 2019 йилнинг баҳорида бўлиб ўтиши керак эди, лекин Ҳафтар кучларининг Триполига ҳужуми туфайли номаълум муддатга қолдирилганди. Ҳозирда Ҳафтардан ташқари яна тўрт киши сайловда иштирок этишни режалаштирмоқда.

20 сентябрь, душанба куни Ливия Олий Давлат Кенгашида (ОДК, фақат маслаҳат бериш вазифасини бажаради) кўпчиликни ташкил қилувчи «Мусулмон биродарлар» уюшмаси вакиллари ҳозирги шароитда сайлов ўтказишнинг иложи йўқлигини маълум қилди. Улар ҳозир фақат парламент сайловлари ўтказилишини ва президент сайловлари конституция бўйича референдумдан сўнг, яъни 2023 йилдан кейин ташкил қилинишини талаб қилди.

2011 йилда Ливия инқилоби етакчиси Муаммар Каддафи ағдарилиб, қатл этилганидан сўнг, Ливияда ягона бошқарув органи тузишга муваффақ бўлинмади. Мамлакатда қўш ҳукумат ўрнатилди: бир томондан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тан олган бош вазир Фаиз Сарраж бошчилигидаги Миллий келишув ҳукумати (МКҲ), бошқа томондан, Ҳафтар томонидан қўллаб-қувватланган бош вазир Абдулла Абдурраҳмон ат-Тани бошчилигидаги муваққат ҳукумат.

Қарама-қаршилик 2020 йилнинг октябрь ойигача давом этди. Ўшанда  МКҲ ва ЛМА бўлинмаларининг беш нафардан ҳарбий хизматчисини ўз ичига олган қўмита қўмита аъзолари Женевада сулҳ битимини имзолади.

Февраль ойида Швейцарияда БМТ ҳузурида ўтказилган Ливия сиёсий мулоқоти форуми давомида ягона ҳукумат ва давлат раҳбари вазифасини бажарувчи президент кенгаши сайланди. Кенгашга Ливияда декабрь ойида ўтказиладиган президент ва парламент сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш вазифаси юклатилди.

loading...