Тошкентда Facebook орқали Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфарларнинг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиб келган аёл ушланди

0

Олий суд Тошкентда Facebook ижтимоий тармоғида тақиқланган материалларни жойлаган фуқаро М.М.га нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганига оид тарқалган хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.

Пост муаллифининг ёзишича, Юнусобод тумани Терроризмга қарши курашиш ходимлари аёлни уйидан олиб кетган ва ҳозирда у «Тоштурма»да сақланмоқда.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, М.М. ўзининг динга бўлган қизиқиши замирида, интернетнинг Facebook ижтимоий тармоғида мавжуд бўлган «Умму Амина» номли профили саҳифасига бошқа танишлари ҳам кўришлари учун Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар ва Абдували Мирзаевнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний материалларини жойлаштириб, намойиш қилиш орқали тарқатиб келаётгани аниқланиб, унинг профилидаги видеолаҳвалар холислар иштирокида баённома орқали кўчириб олинган.

Маълум қилинишича, Юнусобод туман прокурори томонидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинган М.М.га нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига киритилган.

2021 йил 11 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан туман прокурорининг «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномаси рад этилган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2021 йил 11 сентябрдаги ажримига нисбатан Юнусобод туман прокурори томонидан апелляция протести келтирилган. Ушбу протест белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан М.М. оғир жиноят содир этганликда гумон қилинган. Унинг дастлабки тергов ва суддан бўйин товлаб яшириниши мумкинлиги, у очиқда қолган тақдирда жиноятга алоқадор далилларни йўқ қилиши, гувоҳларни кўндириши ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар билан дастлабки тергов жараёнига тўсқинлик қилиши, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга ҳалал берадиган уринишлар содир этиши ва қайта янги жиноятлар содир этиши мумкинлиги инобатга олинган. Шу муносабат билан М.М.га нисбатан «қамоққа олиш» тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш лозим, деган хулосага келинган.

Таъкидланишича, М.М.ни ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштириш белгиланган.

loading...