Йилнинг энг муҳим маданий ҳодисаси: Тошкент халқаро кинофестивали дунё юлдузларини кутмоқда

0

Афсонавий воқеалар қайтмоқда! Бир пайтлар Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент кинофестивали номи билан аталган  кинофестиваль “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи билан 28 сентябрдан 3 октябрга қадар Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларида асосан, ёшларнинг истеъдодини намоён этишга қаратилган, янги, ёрқин ва инновацион форматда ўтказилиши кутилмоқда.  Бу ҳақда бугун, 23 сентябр куни кинофестивалга бағишлаб ўтказилган Матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълумот учун: “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро  кинофестивалини қайта тиклаш ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли. Мазкур анжуманни ўтказиш тўғрисидаги қарор жорий йилнинг 19 июн куни имзоланган.

«Ипак йўли дурдонаси» – бу халқаро ҳамкасблар билан тажриба алмашиш учун  инновацион майдон, йилнинг энг муҳим маданий ҳодисаси бўлиши кутилаётган  муҳташам кино марафонидир. «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ўтади.

“Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро  кинофестивалининг очилиш маросими Тошкент шаҳридаги реконструкция қилинган Кино саройида ўтказилади.

Узоқ орзиқиб кутилган тадбир – “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро  кинофестивали тантанали очилиш маросими халқ орасида “Панорама” номи билан машҳур бўлган Кино саройида ўтказилади. Очилиш маросимида миллий ва жаҳон киноси ҳамда эстрадаси ёрқин  юлдузлари иштирок этишади.

Айни пайтда кинотеатрда кенг кўламли реконструкция ишлари давом этмоқда. Бино энг замонавий, юқори технологияли қурилмалар билан жиҳозланади. Бу ерда йирик кинозал, конференсия ва тадбирлар зали очилади. Кинотеатрдан Кино тарихи музейи ҳам ўрин олади. Унинг деворларида ўзбек киноси ўтмишини ўзида акс эттирган нодир экспонатлар жой олади. Музей экспозициясидан миллий кинематография тарихига оид энг нодир артефактлар билан танишиш мумкин.

loading...