ОТБ 2021−2022 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш бўйича прогнозларини яхшилади

0

ОТБнинг 2021 йилги янгиланган прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 5 фоиз, 2022 йилда эса 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. ОТБ 2021 ва 2022 йиллар учун инфляция прогнозларини мос равишда 10 ва 9 фоиз даражасида сақлаб қолди.

Ўзбекистонда COVID-19га қарши вакцинациялаш жараёнларининг бир маромда кечиши ҳамда саноат, хизматлар соҳаси, инвестициялар ва хусусий истеъмолнинг жадал тикланиши шароитида мамлакат иқтисодиёти 2021 йилда 5 фоиз, 2022 йилда эса 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳисоботида маълум қилинди.
ОТБнинг «Осиё тараққиёти истиқболлари» (ADO) йиллик иқтисодий нашрининг 2021 йилнинг апрель ойида эълон қилинган нашрида Ўзбекистонда 2021 ва 2022 йилларда иқтисодий ўсиш даражаси мос равишда 4 фоиз ва 5 фоиз бўлиши прогноз қилинган эди.

Сентябрь ойида ADO нинг янгиланган сони эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, саноатнинг ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати ва фойдали қазилмалар қазиб олиш соҳаларидаги ўсиш ҳисобига жадал қайта тикланганлиги муносабати билан мамлакатда 2021 йил биринчи ярмида 6,2 фоизлик иқтисодий ўсишга эришилган. Савдо, транспорт ва сақлаш хизматлари соҳасида қўлга киритилган ютуқлар туфайли иқтисодиётда хизматлар соҳаси ўсиши 8 фоизгача тезлашган.

«Ҳукуматнинг COVID-19га қарши вакцинациялаш дастурини бир маромда амалга ошириши, Ўзбекистон халқини ҳимоялаш, ишончни қайта тиклаш ва йилнинг биринчи ярмида биз гувоҳи бўлган истиқболли ўсишни қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутади, — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Синди Малвичини. — ОТБ Ўзбекистонга пандемиядан чиқиш ва барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда кўмаклашишга содиқлигича қолади».
2021 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда инфляция даражаси ўтган йилги 13,9 фоиздан 10,9 фоизгача пасайди. Электр энергияси ва газ таъминоти тарифлари ўзгаришсиз қолгани ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг яхшиланиши озиқ-овқат нархлари ўсишининг секинлашишига хизмат қилганлиги айтилмоқда. Қатъий пул-кредит сиёсатининг давом эттирилиши ва энергия тарифларининг ўзгармаслиги шароитида, ОТБ 2021 ва 2022 йиллар учун инфляция прогнозларини мос равишда 10 ва 9 фоиз даражасида сақлаб қолди.

2021 йилнинг биринчи ярмида капитал, оралиқ товарлар ва транспорт хизматлари импортининг ошиши ҳисобига жорий ҳисоб баланси ўсгани қайд этилган. Импортнинг сезиларли даражада ўсиши муносабати билан 2021 ва 2022 йиллардаги жорий ҳисоб дефицити бўйича прогнозлари оширгани маълум қилинди.

loading...