Тошкентда кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий хизматларнинг барчаси Самарқандда ҳам йўлга қўйилади

0

Шавкат Мирзиёев Самарқандда аҳоли саломатлигини яхшилаш ва тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш борасидаги режаларини баён қилди:
Вилоятда бирламчи тиббиёт бўғинида хавф гуруҳига кирувчи 702 минг нафардан зиёд фуқаролар ҳар йили мақсадли тиббий кўрикдан ўтказилади.

Шунингдек, ажратиладиган маблағлар босқичма-босқич 2 баробарга оширилиб, касалликни эрта аниқлаш, бепул дори воситалари билан таъминлаш ва даволаш чоралари кўрилади.

Каттақўрғон шаҳар, Пахтачи, Пастдарғом, Пайариқ ва Ургутда перинатал марказлар ташкил қилинади.

Булунғур, Ургут, Иштихон ва Пахтачида 4 та ўткир юрак қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, гемодиализ хизмати ҳам йўлга қўйилади.

Вилоятда 25 мингдан зиёд туғма ногиронлиги бўлганлар учун Болалар тиббий реабилитация маркази филиали очилади.

Аҳолига юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилиб, Самарқанд минтақанинг “тиббиёт хаби”га айлантирилади.

Келгуси беш йилда Тошкентда кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий хизматларнинг барчаси Самарқандда ҳам йўлга қўйилади.

Вилоят кардиология марказида юрак касалликларининг барча турларини даволаш имконини берувчи замонавий жиҳозланган кардио-жарроҳлик бўлими ташкил этилади.

Келгуси йилда Тиббиёт институти клиникаси негизида Минтақавий нейрохирургия маркази ташкил этилиб, 10 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилади.

Республика хирургия маркази филиалида 7 нафар беморга буйракни кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли ўтказилгани, қувонарли ҳол, албатта. Эндиликда жигарни кўчириб ўтказиш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.

Онкология марказининг моддий-техник базаси янгиланиб, болалар онко-хирургия ва кимё терапияси, каминвазив хирургия амалиёти жорий этилади.

Шу билан бирга, вилоятда илк бор туғма эшитиш нуқсони бор болаларни тўлиқ даволаш йўлга қўйилади.

loading...