«Мендан қутилиш учун кураш бўлган». Шавкат Мирзиёев — Мирзо Улуғбек ҳайкали билан бўлган воқеа ҳақида

0

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлган вақтда ундан қутилишга уриниш бўлганини сўзлаб берди. Унинг айтишича, Эрон президентининг Тошкентга ташрифи арафасида «кичкина бўлмаган одамлар» уни ишдан бўшаттириш учун Мирзо Улуғбек ҳайкалининг калласини кесиб ташлашган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда сайловчилар билан учрашувда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлган вақтларда (1992−1996) уни ишдан олиб ташлашга уриниш бўлганини сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, ҳодиса Эрон президентининг Тошкентга ташрифи арафасида содир бўлган. 1993 йилнинг октябрида Али Акбар Хошимий Рафсанжаний расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади.

«Менга топшириқ бўлди. Унда туманнинг ёш ҳокимиман. Ўша пайтда Ислом Абдуғаниевич айтдиларки, [Эрон президентини] олиб борамиз, ҳайкалнинг пойига гулчамбар қўйилиши керак. Мен нима учун бу гапларни сизларга айтаяпман? Мени Тошкентдан йўқ қилишга жуда кўп одамлар уринишган. Қишлоқдан келган, қачон кетади, деб жуда катта кураш бўлган», — деди у.

Эрталаб икки президент келиб, Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига гулчамбар қўйиши керак, дея эслайди президент.

«6:50 да қабулхонамдан менга телефон бўляпти: „Шавкат Миромонович, Улуғбекнинг бошини кесиб кетишибди!“ Мен сўрайман: „Қанақа бош? Қанақа Улуғбек?“. Жавобда: „Ҳайкалнинг бошини олиб ташлашибди!“ Яъни шундай тайинланганки, соат ўнтакам ўнда кортеж келади, президент келади Эрон президенти билан. Ҳайкалнинг калласи бўлмайди. Шу билан Мирзиёевнинг ҳам калласи кетади. Хулласкалом, 7:20 да етиб бордим. Соат ўнда иккита президент келиши керак. Ҳайкалнинг калласи йўқ. У ҳайкам гипсдан бўлган-да. Ҳар битта ҳайкал олди бир-икки йил гипсда туради», — дейди президент.

Шавкат Мирзиёев бу ишни ким қилганини сезган. «Буни кичкина одам қилмайди, нимагаки, у ҳайкал президент келишидан бир кун олдин қўриқлашга олинади. Уни алоҳида ташкилотларнинг ўзи Мирзиёевни йўқ қиламан деб ҳайкалнинг калласини олиб ташлаган», — деб ҳисоблайди давлат раҳбари.

Президентнинг сўзларига кўра, ўшанда «Тошкент оқшоми» газетасида безорилар жарроҳлик маркази яқинидаги Ибн Сино ҳайкалининг остини ковлаб, ўзларига бошпана қилиб олгани ҳақидаги хабарни ўқигани эсига тушиб қолади.

«Шундай эсимга тушди. Демак, шу ҳайкал ҳамма нарсани ҳал қилиши керак. Бу гап Мирзиёевни ишдан олиб ташлаши тўғри, лекин давлат шарманда бўлади. Президент олиб келса… Калласиз ҳайкалга гулчамбар қўймайдику. Кейин эсимга тушдики, шу ҳайкал гипсдан бўлса керак, дедим. Бир андижонлик муовиним бор эди. Ўшанинг машинаси рулига ўзим ўтирдим-да, уйингда арра борми, деб сўрадим. „Бор“, деди. Икки-учта аррангни ол, дедим. Ўзи йўлда, Чилонзорда турарди. Ўзим рулда ўтириб бордим-да, эрталаб ҳамма ухлаб ётган вақтда биз ҳам Ибн Сино ҳайкалининг бошини кесиб, олиб келдим», — дея ҳикоя қилиб берди.

Шавкат Мирзиёев МХХнинг биринчи муовини 9:10 да 100 фоиз уни ишдан олишга келганини эслади.

«Шаҳар ҳокими тушди-да: „Эй, сен… қани Улуғбекнинг калласи?“ — деб сўрайди. Менга қараб гапиряти-да, ҳайкалга қарамайди. „Бош қани“, — дейди. Шундай қараса ҳайкал турибди. Ҳайкал ҳам турибди, калла ҳам турибди» — деб эслайди давлат раҳбари.

Президент ёшларга мурожаат қилиб, бу кунларга келиш осон бўлмаслиги, бунинг учун курашиш кераклигини таъкидлади.

gazeta.uz

loading...