Пентагон: АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳарбий алоқалар зарурат даражасида амалга оширилмоқда

0

АҚШ Қуролли Кучлари россиялик ҳамкасблари билан зиддиятларнинг олдини олиш учун муҳим бўлган алоқаларни фақат зарурат даражасида олиб бормоқда. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби брифинг чоғида айтиб ўтди.

Шу тариқа, Кирби АҚШ бош штаб бошлиқлари раиси генерал Марк Милли айтган гапларга изоҳ берди. Милли Россия билан ҳарбий алоқаларни кенгайтириш, жумладан, мамлакатлар ўртасидаги уруш эҳтимолини камайтириш ҳақида бош қотиришни таклиф қилганди.

«Ишончим комилки, генерал Милли бу чекловларни яхши билади. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Миллининг ушбу чегараларда Россия армияси билан мулоқотни давом эттириши ва зиддиятни бартараф қилишига ишонч билдирмоқда», — деди Кирби.

Унинг тушунтиришича, АҚШ Мудофаа вазирлиги Россия билан ҳарбий ҳамкорликни ҳам сиёсий сабаблар, ҳам «Россиянинг Украинадаги агрессив ҳаракатлари натижасидаги қоидалар туфайли» тўхтатган. Кирби мамлакатлар ўртасида фақат ўта зарур алоқалар сақланиб қолганини айтди. «Бизнинг Россия армияси билан алоқаларимиз ўндан зиёд ўзаро муносабатларга қадар қисқартирилди, бу икки томоннинг ҳаракатларини нотўғри баҳолаш хавфини камайтиради ва ҳарбий ҳаракатлар пайтида низоларнинг олдини олади», — деди у. Мисол тариқасида, Кирби Сурия бўйича ҳамкорликка ишора қилди.

Милли 25 сентябрь куни журналистларга АҚШ Россия билан ҳарбий алоқаларни кенгайтириш йўлларини излаши кераклигини айтганди. Хусусан, машғулотларга кузатувчиларни юбориш учун рухсатнома алмашиш масаласи кўриб чиқилиши керак. Генерал икки давлат ўртасидаги ҳарбий алоқалар ҳозир фақат юқори раҳбарият даражасида сақланиб қолганини таъкидлаган. Унинг фикрича, мамлакатлар ўртасидаги ишончнинг ошиши улар ўртасида уруш эҳтимолини камайтиради.

loading...