Лавров Мали Россиядаги «хусусий ҳарбий компания»га мурожаат қилганини тасдиқлади

0

БМТда чиқиш қилган Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Мали ҳукумати «Россияга мансуб бўлган хусусий ҳарбий компания»га ёрдам сўраб мурожаат қилганини тасдиқлади. Бунгача Россия ҳукуматидагилар бу атамани ишлатмасликни маъқул кўришарди.

«Улар [Мали ҳукумати] террорчиларга қарши курашиш учун киритилган Франция ҳарбий контингентини қисқатиришмоқчилиги маълум бўлгач, Россиядаги хусусий ҳарбий компанияга мурожаат қилган», деган вазир.

У россияликларнинг ҳарбий компанияси Малида «қонуни асосда» ҳаракатланиши, Россия ҳукумати эса бу ишга умуман алоқадор эмаслигини айтиб ўтган. У айнан қандай хусусий ҳарбий компания ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган.

Мали ҳукумати «Вагнер» жангчиларини ёлламоқчи экани ҳақидаги хабарлар сентябрь ойи ўрталарида тарқалганди.

15 сентябрь куни Франция мудофаа вазири Флоренс Парли Мали ҳукуматини россияликларнинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан келишув тузиш оқибатларидан огоҳлантирганди.

У «вагнерчилар»ни ёллаш орқали маҳаллий ҳукумат французларнинг Малидаги аксилтеррор амалиётларини қийинлаштиришини айтиб ўтганди.

«Вагнер» гуруҳи одамлари Малига келгани ҳақида 2019 йилда ҳам «Франс пресс» хабар тарқатган, ўшанда бу гуруҳ жангчиларининг кичик гуруҳи пойтахт Бамакода кўриниш берган, бу собиқ президент Иброҳим Бубакар Кейта Россия билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаши ортидан рўй берганди.

Сўнгги йилларда россияликларнинг ҳарбийлашган бўлинмалари Африканинг турли нуқталарида пайдо бўлмоқда, айниқса уруш гирдобида қолган Марказий Африка Республикасида.

Россияда ХҲК борми?
Россия қонунчилигида хусусий ҳарбий компания фаолияти тартибга солинмаган, бундай компания жангчилари расман Жиноят кодексининг «Ёлланма жангчилар» тўғрисидаги моддаси билан айбланиши мумкин.

Шу туфайли бунга қадар Россия ҳукуматидагилар рус жангчиларига нисбатан «хусусий ҳарбий компания» атамасини қўллашдан тийилиб келган, ҳатто ёлланма жангчилар фаолиятига алоқадор эмасликларини қайд этишганда ҳам.

Сергей Лавров 2018 йил бошида бошқа мамлакатлардаги хусусий ҳарбий компаниялар учун ишлайдиган россияликлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш зарурлиги ҳақида айтганди.

Аммо «Адолатли Россия» аъзолари бир неча ой ўтиб шу мазмундаги қонун лойиҳасини тақдим этишганида, Конституцияга зид келиши туфайли у рад этилганди.

2019 йил ёзида Россия президенти Владимир Путин BBC корреспонденти саволларига жавоб бериш асносида амалда илк марта Сурияда россиялик ёлланма жангчилар мавжудлиги фактини тасдиқлаганди, шу билан бирга, улар Россия манфаатларини ифода этмаслиги ва оддий қўриқлаш тузилмалари ходимлари эканини айтганди.

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков кейинроқ Путин қўриқлаш компанияларини назарда тутгани, чунки Россияда хусусий ҳарбий компаниялар йўқлигини айтиб ўтди.

«Бизда қонунчилик бўйича хусусий ҳарбий компаниялар йўқ. Барча қандайдир «Вагнер» ҳақида гапиради, аммо гап шундаки, бизнинг қонунчилигимизда бундай қоида йўқ. Президентдан нима кутдингиз, у йўқ нарсага қандай изоҳ бериши мумкин», деганди у.

Ярим йил ўтиб Путин Ливияда «россияликлар борлиги» ҳақидаги хабарларга изоҳ беради: «Агар у ерда Россия фуқаролари бўлса ҳам, улар Россия давлатчилиги манфаатларини ифода этмайди ва Россия ҳукуматидан пул олмайди».

Россия ҳукумати Малидаги вазиятга ҳам шундай изоҳ берганди. «У ерда Россия қуролли кучлари вакиллари йўқ. Ва ҳеч қандай расмий музокаралар олиб борилмаяпти», деганди Песков 15 сентябрь куни.

loading...