Ҳисобини топган самарқандлик фермер

0

Самарқанд тумани фермерлари ишлашни ҳам, дам олишни ҳам жойига қўйишади. Улар тоғлар этакларидаги ва Дарғом канали бўйларидаги экин майдонларини ҳамиша яшнатиб қўйишади. Сабзавотчилик, узумчилик, боғдорчилик, ғаллачилик ва бошқа соҳалардан мўл ҳосил кўтаришади. Меҳнатлари маҳсуллари билан маҳаллий бозорларни обод қилишади ва яна маҳсулотларининг бир қисмини хорижга экспорт қилишади. Топилган даромад фермернинг, фермер хўжалиги аъзоларининг тўйларига, яхши кунларига, фаровон турмуши учун сарфланади.

Дам олиш масаласида эса улар бир муддат ҳордиқ чиқариш учун санаторийлар ёки бошқа дам олиш муассасалари билан чекланиб қолмай, Самарқанд шаҳрининг кўпгина маданият муассасаларига ҳамда тоғ бағрида оромгоҳлар бағрини тўлдириб ўтиришади.

Туманнинг тоғлар бағридаги Илонсой ҳудудида узумчилик ва боғдорчилик, Конигил томонларда ғаллачилик ва сабзавотчиликни йўлга қўйган, бу соҳалардан ҳар йили топилаётган даромадини кўпайтираётган, экин майдонлари ҳосилдорлигини ошираётган “Азизов Қурбон” фермер хўжплиги раиси Жамшид Азизов ана шундай ишбилармон фермерлардан бири.  Аслида унинг меҳнат қилаётган ҳудудининг ўзи нақд курортнинг ўзи. Бир тарафда тоғлар, ёнгинасида боғлар, ариқларда шилдираб сувлар оқиб туради. Яшнаб турган экинзорлари, мўл ҳосилдан шохларини букиб турган мевали дарахтлари кўнгилларни янада яшнатади.

Шаҳар ҳам узоқ эмас. Зарур пайтларда машинасига ўтиради-ю, ёнига оиласини, фарзанларини олиб кўҳна шаҳарга отланади. Унинг гўзал масканлари бағрига бир пасда сингиб кетади. Бундай дам олишлар биргина фермернинг эмас, унинг бутун оидаси аъзоларининг кайфиятларини кўтаради, ўзлари яшаб турган ҳудудга, заминга бўлган меҳру муҳавббатларини янада оширади.

2006 йилдан буён фермерлик қилаётган Жамшид бошлиқ узумзору боғ-роғларга кирган киши ҳосилнинг мўллигидан “баракалла, азаматлар” дея дил изҳорини баён этиши тайин. Бу ҳақда Жамшид ва унинг ёнидаги соҳибкорларга сўз очсангиз, “ҳали бу бошланиши, мақсадга эришишимиз учун яна бироз вақт керак”, дейишади.

Фермер ерлари Самарқанддан Қоратепа довони сари элтувчи автомобиль йўлидан унчалик узоқ  эмас. Дастлаб водийча услубда ердан кўтарилган токлар кўзга ташланади. Улардаги пишиб етилган узумларнинг бир боши бир киши истеъмоли учун анча ортиқчалик қиладигандек. Сабаби, бу узумланинг ҳар боши бир-икки килограммлик тарзи тошини бемалол босади. Мезон қуёшида ялтираб турган тоифалар роса ширага тўлган. Биргина токнинг ўидаги узумлар бошини санайман деган кишининг саноқдан адашиб кетиши ҳам бор гап.

— Фермер хўжалиини  ташкил этганимизда ишчиларимиз сони жами 8 киши эди, – дейди фермер Жамшид Азизов. -Ҳозир доимий ишлайдиганлар 37 нафар.Уларнинг аксариятиниагрономлар, сувчилар, тракторчилар ташкил этади. Зарур пайтларда шароитга қараб 60-70 нафаргача мавсумий ишчиларни ҳам ишга жалб этамиз. Айниқса, узумчилик ва боғдорчиликда ҳосилни саранжомлаб олишда уларнинг ўрни катта бўлади. Кейинги йиллардаги энг катта янгилигимиз эканларни томчилатиб суғориш услубига ўтганимиз бўлди. Насос қурилмаларини ўрнатиш учун туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилдик.

Фермердан томчилатиб суғоришнинг афзалликлари ҳақида сўраймиз.

— Бу услубнинг турган-битгани фойда экан, – дейди у. –Энг асосийси, сувнинг тежалиши. Томчилатиб суғориш ҳар қандай қурғоқчилик давр машаққатларини енгиб ўтишнинг энг зўр қуроли. Бунда сувнинг ҳар қатраси тежалади. Энди илгаригидек экинзорнинг бир томони кўллаб, бошқа томони чўллаб қолмайди.  Сув ҳамма жойга бирдек “таралади”. Масалан, жорий йилда сувнинг қиммати олдинги йилларга нисбатан сезиларли даражада ошди. Сабаби, қишда қорнинг, баҳорда ёмғирнинг меъёрдагидан анча кам бўлгани бунинг асосий сабабидир. Лекин қаранг, қурғрқчилик кучли бўлса-да, токзорларимиз, олмазлору шафтолизорларимиз яшнаб турибди. Чунки, улар доимий об-ҳаётдан баҳраманд. Дарахтлар, экинлар иссиқ кунларда, айниқса, саратону асадда илдизи нам бўлиб турса, улар ривожланишдан тўхтамайди. Ҳосили ривожланаверади.

Узумларнинг тўлиқ экспорт қилинишини айтдим. Ҳадемай, уларни саранжомлашни бошлаймиз. Бу даврда мавсумий ишчи кучлари меҳнатим керак бўлади. Россияга жўнатиладиган ҳосилдан даромад катта бўлади. Бу ҳаракат туфайли олинадиган фойда ўзимизнинг бозорлардагидан камида икки бараварга кўп бўлади. Ўзиизда қоладиган олма ва шафтолининг асосий қисмини эса музлатгичларга жойлаштирамиз ва улар шароттга қараган ҳолда маҳаллий бозорга чиқарилаверади.  Уларнинг ҳам ярмига чқини экспортга жўнатилалади. Тўғриси, узумдан ташқари олма ва шафтолига ҳам айниқса, Россияда талабшорлар кўп. Биз улар билан тузилган шартнома асосида маҳсулот етказиб беришни йўлга қўяяпмиз. Аслида бозор талаби шундай. Меҳнат қилиб топганингни қай бир бозорга чиқарма, ундан албатта дурустроқ даомад топ, фойда ол. Ана шунда турмуш тарзинг яхшиланади, ҳеч нарсага зориқмайсан.

Фермер хўжалиги аъзоларининг ҳар бири ойига 2-2,5 миллион сўмдан маош олади. Мавсумий ишлаётганларга тўланадиган меҳнат ҳақи ҳам бундан кам эмас. Бунинг ҳаммаси фермер хўжалигида иш юртитиш, бажариладиган вазифаларнинг тўғри тақсимланиши, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш натижасидир.

Бу йилги эрта баҳордаги кутилмаган совуқни, қор бўлиб, кўплаб ҳосилнинг бой берилганини ҳар бир фермер эсдан чиқармаса керак. Жамшид бошлиқ фермерлар эса шундай шароитда табиат инжиқликлари билан қарши курашга ҳаракат қилишди. Улар кўкламнинг қорли, совуқ кунларида шафтолилар тагида хас-хашак, эски балонларни ёқишиб, ожддий тутун орқали меваларнинг бир қисмини сақлаб қолишди Бу ҳам тадбир топишнинг бир кўриниши, албатта.

Конигилдаги ғалланинг ҳар гектаридан 58 центнердан ҳосил олинди. Унинг 41 центнери билан  давлат буюртмаси бажаридган бўлса, қолган ҳосил фермерларнинг ўзларига қолди.

Хуллас, ҳисобини топган тажрибали фермер Жамшид Азизовнинг меҳнат муваффақиятлари, турмуш тарзини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. Жамшид ва унинг ёнидагиларнинг айтишларича эса бу ютуқлар ҳали бошланиши. Уларнинг яқин келажакда деҳқончиликни, боғдорчиликни, узумчилигу, бошқа соҳаларни янаям ривожлантириш йўлида бошлаган ва дадил давом эттираётган ҳаракатлари бошқаларга ибратлидир.

Абдурасул САТТОРОВ,

Алимардон ХУДОЙҚУЛОВ.

loading...