Одил судловни таъминлаш – инсон манфаатлари учун хизмат қилади

0

Бугун юртимиз бўйлаб суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича сезиларли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жамиятда одил судловни таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган мазкур қонун 101 моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан, яъни 2021 йил 29 июль кунидан қонуний кучга кирди. Мазкур қонун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини суд йўли билан кенг ҳимоя қилиш ва шу орқали шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилганидадир.
Қонундаги асосий янгилик Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 июль куни имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармонда белгиланган ташкилий-тузилмавий ислоҳотлардан келиб чиққан бўлиб, қонуннинг 2-моддасида судларнинг янги тизими белгиланди. Шунга мувофиқ, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар иқтисодий судлари бирлаштирилганлиги ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилганлиги муносабати билан суд тизимида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, шунингдек туманлараро маъмурий судлар кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек;

-Барча судларда ишлар очиқ кўрилиши, ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилиши;
-Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкинлиги;
-Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилиши;
-Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши;
-Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмаслиги каби яна бир қатор нормалар ўз ифодасини топган.
Бундан ташқари судьяларнинг мустақиллиги, қонун ва суд олдида тенглик, суд ҳужжатларининг мажбурийлиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, суд ишлари юритиладиган тил, суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи, айбсизлик презумпцияси каби судлар фаолиятининг принципларига қўшимча равишда қонунийлик деб номланган 8-моддада Ўзбекистон Республикасида одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши белгиланган бўлса, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи назарда тутилган 17-моддада тарафлар ва қонунда назарда тутилган бошқа шахсларнинг суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликлари мустаҳкамлаб қўйилди.
Демакки, мамлакатда фуқаролар, юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг суд йўли билан ҳар томонлама ва тўла ҳимоя қилинишини таъминлаш, табиийки, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ошириб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субьектлари ҳимояси учун хизмат қилади.

loading...