Сайлов жарёнидаги қонун бузилиши юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини биласизми?

0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жамият сиёсий ҳаётида муҳим ўзгаришларни бошлаб берди. Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш доирасидаги бир қатор муҳим ўзгаришлар ичида Сайлов кодекси қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Ҳар қандай демократик давлатда кузатилганидек, сайловолди ташвиқоти ва сайловгача бўлган бошқа жараёнлар, шунингдек, сайлов натижаларига нисбатан муайян эътирозлар юзага келиши табиий жараён ҳисобланади.
Бундай эътирозли ҳолатлар қонун доирасида ҳал этилади.
Мамлакатимизда сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун муайян жавобгарлик кўзда тутилган.
Даставвал, сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби билан боғлиқ жавобгарлик масаласига тўхталамиз.
Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи энг муҳим конституциявий-сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, уни бевосита ва билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Бу борадаги муносабатлар ҳам амалдаги Сайлов кодекси билан тартибга солинади.
Сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мазкур кодекс талаблари бузилгани ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатлари бўйича текширувлар ўтказади. Бунда уч кунлик муддатда мурожаатчиларга ёзма жавоб берилиши лозим.
Сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар эса, дарҳол кўриб чиқилиши ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтарилиши шарт. Бунда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Жорий йилнинг 31 май куни Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, эндиликда сайлов жараёни субъектлари сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Олий судга шикоят қилиниши мумкин.
Шикоятлар келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса, дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 142-моддасига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар Олий суд томонидан кўриб чиқилади. Бу тоифадаги шикоятлар суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши зарур. Агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, шикоят дарҳол кўриб чиқилиши шарт.
Мазкур кодекснинг 167-моддасига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ё қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларга доир суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ тегишли сайлов комиссияси ва аризачига топширилади. Бунда суднинг тегишли қарори дарҳол ижро этилиши лозим.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Сайлов кодексида мурожаат қилиш тартиби ҳамда муддатининг бир хиллиги, уларни тегишли органлар томонидан ўз вақтида, очиқ ва транспарентлик тамойиллари асосида кўриб чиқиш, сайлов комиссиялари қарорларини суд ҳокимияти томонидан қайта кўриб чиқиш имконияти кўзда тутилган.

Шоҳрух МИРЗААҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди раиси.

loading...