Сохта диплом машмашаси

0

Воқеа Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар мактабларидан бирида содир бўлган.

Ҳаммаси 2020 йил мактабга янги директор тайинланишидан бошланди. Директор ишни ходимларнинг шахсий ҳужжатларини ўрганишдан бошлади. Нимагадир математика ўқитувчиси Фарзона Ўринованинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳужжатлари унда шубҳа уйғотди.

Ўқитувчини ҳузурига чақирди.

— Тожикистоннинг Хўжанд давлат университетини битирган экансиз, Дипломингизнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи гувоҳномани қандай қилиб олгансиз?

— …

Ўқитувчи ер чизди.

— Гапиринг ахир?..

Ф. Ўринованинг ҳаммасини айтиб беришдан бошқа иложи қолмади.

Ушбу гувоҳномани олишда мактабнинг собиқ директори Озода Жабборова ёрдам берганлигини, бунинг учун унга маълум миқдорда пул берганини айтди.

…  Ўша пайти, яъни 2017 йилда О. Жабборова Олмалиқ шаҳридаги умумтаълим мактабида раҳбар вазифасида ишларди. Ундан олдин эса шаҳар халқ таълим бўлимида мутахассис бўлиб ишлаган. У математика ўқитувчиси Ф. Ўринова ҳужжатларида муаммо борлигини аниқлаб, бу ҳақда шаҳар халқ таълими бўлими мудирига айтади. Мудир нима дерди. “Четдан келган бўлса, дипломини қонунга мувофиқ нострификация қилиш керак. Унгача мактабда дарс бера олмайди”…

Маълумот учун айтиш жоизки, Ф. Ўриновалар оиласи 1996 йилда Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келишган. Чет давлатдан юртимизга келган киши, агар ўқитувчи бўлса, Ўзбекистон таълим тизимида ишлаши учун дипломини нострификация қилиши керак бўлади. Содда қилиб айтганда, Ўзбекистон давлати бу дипломни тан олиши, ўқитувчининг ишлашига рухсат берувчи гувоҳнома тақдим этиши керак. Ф. Ўриновага бу имконият берилди, албатта. Нострификация олиш учун давлат тест маркази аттестация комиссиясига имтиҳон топширди. Аммо синовлардан ўтолмади. Шундан сўнг у ҳамкасби О. Жабборовадан ёрдам сўради. О. Жабборова бунинг учун 2.000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтади.

Ф. Ўринова  бунча пули йўқлигини билдиради. Аммо масалани ҳал қилмаса бўлмас эди. У 1.500 АҚШ доллари топиб беришга рози бўлади.

Келишилганидек, О. Жабборова Ф. Ўриновадан  2015 йил октябрь ойида 500 АҚШ доллари, 2018 йил сентябрь ойида эса 1000 АҚШ доллари олади. Унга давлат тест маркази томонидан берилгандек қилиб сохта гувоҳнома тайёрлаб беради. Математика фани ўқитувчисига эҳтиёж борлиги сабаб ходимни ишга қабул қилади.

Ф. Ўринова мактабда 2002 йилгача математика фанидан дарс беради.

Бу орада мактабга янги директор келади. У ҳам Ф. Ўринованинг ҳужжатларида муаммолари борлигини билгач, уни ишдан кетишини айтади. Шу тариқа Ф. Ўринова ўз хоҳиши билан ишдан кетади. Аммо маълум вақт ўтгач, математика ўқитувчиси керак бўлганлиги учун Ф. Ўринова  қайта ишга олинади.

Юқорида айтганимиздек, 2020 йилга келиб, мактабда яна директор алмашиши ва ҳужжатлар ўрганилиши билан бу муаммо яна қалқиб чиқади, бу ҳақда тегишли органларга хабар берилади. Холат ўрганилади, тергов даврида гувоҳнома ҳақиқатан сохта эканлиги аниқланади. Айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Иш судга оширилади. Судда судланувчиларнинг айбдорлик масаласи кўриб чиқилади.

О. Жабборова қонунга мувофиқ ҳужжатларни сохталаштириш жинояти билан айбланди. Қилмишнинг енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи холатлари эътиборга олинади. Унга нисбатан жазо тайинлашда суд унинг айбига қисман иқрор бўлса-да, қилмишидан пушаймонлигини, шахсини, оилавий  шароитини, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олди.

Унинг раҳбарлик лавозимида ишлаб келган вақтда жиноят содир қилинишига сабабчи бўлганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, қўшимча жазо тариқасида яъни, таълим соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум қилди.

Ф. Ўриновага нисбатан жазо тайинлашда суд унинг айбига қисман иқрор бўлса-да, қилмишидан пушаймонлигини, шахсини, оилавий  шароитини ҳисобга олди. Уни ўқитувчиликдан бошқа касби йўқлигини, давлат муассасидан ташқари нострификация талаб қилинмайдиган хусусий корхона ёки фирмаларда математика фанидан таълим ўргатувчи (репитетор) бўлиб ишлаши мумкинлигини инобатга олган ҳолда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишлик тарзидаги қўшимча жазо чорасини қўлламасликни лозим деб топди.

Судланувчиларга  озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Ф. Ўринова нострификация масаласини  ўз вақтида қонуний ҳал қилса бўларди, нима учун сохтакорликка йўл қўйиш керак? Тўғри йўл тутилганида судланиб, ер чизиб қолмаган бўларди…

Зокиржон Қўзибоев,

Олий суд катта консультанти

 

 

loading...