Фарғона вилоятини жадал ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур тайёрланган

0

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев вилоят сайловчилари билан айни пайтда бўлиб ўтаётган учрашувда маълум қилди.
Унга кўра, Фарғона вилоятида электр,  сув, канализация, иссиқлик таъминоти ва йўл инфратузилмаларини яхшилашга 10 триллион сўм йўналтирилади.

Келгуси беш йилда  “Обод қишлоқ”  ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 150 та қишлоқ ва 40 та маҳалла ободонлаштирилади. Бу ишларга 1 триллион 860 миллиард сўм маблағлар ажратилади.

Бундан ташқари,  Ёзёвон,  Сўх, Қўштепа ва Фурқат туманларининг  шароити оғир 57 та маҳалласида қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга  32 миллион доллар маблағ ажратилади.

Шунингдек, келгуси йилдан ҳар бир туман ва шаҳар бюджетининг камида 5 фоизи аҳоли мурожаатларига мувофиқ,  энг долзарб муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилади. Келгуси йилларда  ушбу маблағ яна кўпайтирилади.

Вилоятда ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 69 фоиздан 90 фоизга етказилади. Жумладан, келгуси йилнинг ўзида Сўх туманида ичимлик сув таъминоти 30 фоиздан 100 фоизга етказилади.

Кампиробод сув омборидан қувур тортиб,  Марғилон,  Фарғона  ва Қувасой шаҳарлари,  Қува,  Тошлоқ  ва Фарғона туманларидаги 650 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Келгуси беш йилда  Фарғона,  Қўқон,  Марғилон,  Қувасой шаҳарлари канализация тизими қамрови  ҳозирги 60 фоиздан 85 фоизга етказилади. Шунингдек, туман марказларида  канализация тизимини яхшилаш бўйича 151 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади.

Шаҳарлар ва туман марказларининг иссиқлик таъминотини яхшилашга  1,2 триллион сўм йўналтирилади.

Шунингдек, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 7 минг километр электр тармоқлари ва 2 мингта трансформатор янгиланади. Бунга 1 триллион сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилади.

loading...