Қашқадарёлик аёл эри 2 ёшли боласини ўлдиришга уринди

0

«Турмуш ўртоғимга учинчи хотин бўлиб текканман. Икки нафар фарзандимиз бор. Эрим 2021 йилнинг 22 сентябрь куни ишдан соат кечки пайт тўрт-бешларда уйга келди. Икки ўғлим ҳам уйда эди. Мен эса молларга қараш учун ташқарига чиққандим. Эрим уйда мен йўқлигимда катта ўғлим Ҳумоюнни уриб, бўғиб унга тан жароҳати етказган экан. Шунингдек, кўзига мазь суртаман деб, кўзига қўлини тиққан ва ўғлимнинг кўзи кўрмай қолишига сабаб бўлган. Уйга кирсам, ўғлим кўкариб, ҳушидан кетиб қолган экан. Уни уқалаб, сал бўлса ҳам ўзига келтириб, ‘дўхтир чақирайлик’ десам, ‘барибир ўғлинг ўлади, ўлса кўмиб келамиз, ота-онангга ҳам кейин хабар берасан, деди’, — дейди эри ўғлининг ҳаётига қасд қилмоқчилигини айтган аёл.

Сожида Жовлиеванинг айтишича, юз берган воқеа ҳақида дастлаб ҳеч қаерга хабар беролмаган. Ўғли шу ҳолатда бир кун уйда қолган.

«Эртаси куни эрим ишга кетгач, укамга хабар бердим. Ва эримнинг йўқлигидан фойдаланиб, ўғлимни шифокорга олиб келдик. Мана олти кундан бери шифохонадамиз. Болам энди ўзига келди. Кўзларини очди. Аммо аҳволи жуда оғир», — дейди аёл.

Аёлнинг айтишича, турмуш ўртоғининг аввалги икки нафар хотинидан беш нафар, ундан эса икки нафар фарзанди бор.

«Эрим болаларимга жудаям қаттиққўл ва бағритош эди. Шу сабабми катта ўғлим умуман ўйинқароқлик қилмасди. Уйда жим, қимирламасдан ўтирарди. Отасидан шу даражада қўрқарди. Эрим бизга ҳам кўп зулум ўтказган. Ҳатто ота-онам билан телефонда ҳам гаплаштирмасди. Агар гаплашсам ҳам ёнимга келиб, мен яхшиман дейсан деб, ўзи нима дейишим кераклигини айтиб турарди», — дейди эридан жабр кўрганини айтган деҳқонободлик аёл.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Шавкат Донаев эса Сожида Жовлиева ҳақиқатан ҳам учинчи хотини эканини тасдиқлаб, фарзандларига бу даражада ёмонлик қилмаслигини, уларни яхши кўришини айтиб, «болаларим аввалдан шунақа касалманд эди», — деди.

«Хотинимнинг мен билан яшаш нияти йўқ экан. Шу сабаб ҳам менга шундай айблов қўймоқда. Аслида унинг менда кўнгли бўлмаган. Хотинимнинг болаларимга меҳри, эътибори йўқ. Ўзи болаларимни уриб, уларга жабр етказган. Ҳатто болаларимни эмизмасди ҳам. Нега бундай қиляпсан десам, фигурам бузилиб қолади дея баҳона қиларди. Бир куни кичик ўғлимнинг устида ухлаб қолган экан. Ўғлим кўкариб, тоби қочиб қолган», — дейди айбловларга жавоб берган Шавкат Донаев.

Шавкат аканинг айтишича, у фарзандини кўриш учун Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Қарши шаҳар филиалига келган.

«Мен боламдан хабар олиш учун шифохонага бордим. Аммо тўрт нафар йигит мени уриб, шифохонадан кет дейишди. Уларнинг кимлигини танимадим. Хотинимнинг ака-укаси бўлганда уларни танирдим. Мени уришгач, уйга қайтиб келдим. Боламнинг соғлиғи мен учун ҳам қизиқ ва аҳамиятли», — дейди Шавкат Донаев.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ҳудуд профилактика инспектори Азиз Ўлжаев воқеадан хабар топган куни Шавкат Донаевнинг хонадонига борганини, у билан суҳбатлашиб, воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.

«Мен воқеадан хабар топган пайтим Шавкат Донаевни излаб уйига бордим. Борсам, Шавкат ака молга кетган экан шекилли, кеч қайтди. Гаплашиб, воқеа ҳақида сўрадим. У бир ҳафтадан бери фарзандининг тоби бўлмаганини, уйида ортиқча пули йўқлиги сабаб шифокорга ҳам олиб боролмаганини, хотинига ойлигини тушишини кутиши кераклигини айтган. Ўғлини урмаганини ҳам айтди. Бироқ шунга қарамасдан Сожида Жовлиеванинг кўрсатмасига кўра, вазиятни рўйхатга олиб, тергов ҳаракатларини бошлаб юбордик», — дейди Азиз Ўлжаев.

«Теракли» МФЙ раиси Акром Аблазов Шавкат Донаев ҳамда Сожида Жовлиева оиласи нотинч оилалар рўйхатида бўлмаганини, аввалроқ бу ҳақда ҳеч қандай мурожаат тушмаганини, бироқ Шавкат Донаев ўзи билан ёнма-ён яшаб келаётган акаси билан ҳам тортишиб, яшашини маълум қилди.

«Бундан бир йил олдин эр-хотин жанжаллашиб қолиб, келин уйига кетиб қолганди. Ўшанда ўзим уни олиб келиш учун боргандим. Аммо уйига қайтмаганди. Кейин бир ойдан сўнг ўзи келган экан. Ундан кейин уларнинг оиласида нотинчлик бўлмаганди. Бизга на эри ва на хотини бу ҳақда шикоят қилмаган», — дейди МФЙ раиси.

Ҳудуд оқсоқолининг айтишича, Шавкат Донаевнинг болаларим бир ҳафта олдин ҳам касал эди деган гапи ёлғон.

«Болалари касал эмасди. Лекин келин эрим болаларимни уряпти, менга зулум ўтказяпти деб шикоят қилмаган. Бироқ Шавкатнинг олдинги хотинидан кўп шикоят тушган. У пайтлари мен маҳалла посбони бўлганим боис, бундан яхшигина хабардор эдим. Шавкат аввалги оиласига зарар берганини, уруш-жанжал қилганини биламан», — дейди Акром Аблазов.

Хотини томонидан шафқатсизликда айбланаётган Шавкат Донаевнинг айтишича, у мактабда математика фанидан дарс бериб келади. Хотини Сожида Жовлиева билан бирга яшаб, биринчи ва иккинчи хотинидан бўлган беш нафар фарзандларига алимет тўлаб келади.

«Болаларимга алимент тўлаётганим учун ҳам оилада пулимиз етар-етмас яшаймиз. Шу сабаб хотинимга болаларимни даволатиш учун айни пайтда пул йўқлигини, маошимни олган куним ўғлимни шифохонага олиб боришимни айтдим. Аммо хотиним бунга сабр қилмасди. Шу сабаб уруш-жанжал қилиб, болаларини урарди. Мен ўша куни боламни урмадим, унга ёрдам беришга уриндим», — дейди Шавкат Донаев.

Отаси томонидан калтаклангани айтилаётган икки ёшли Ҳумоюн Эшқобиловни даволаётган шифокорнинг айтишича, бемор шифохонага 2021 йилнинг 23 сентябрь куни соат 18:50 да оғир аҳволда ётқизилган.

«Бемор ўша куни шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилди. Боланинг аҳволи ўта оғир аҳволда эди. Боланинг нафас олиши қийин эди. Лабларида, тирноқларида кўкариш бор эди. Мия шиши ва мия комаси билан келганди. Шундан бери керакли ёрдам кўрсатилди. Айни пайтда беморнинг аҳволи яхши, анча ўзгариш бор», — дейди даволовчи шифокор Барат Бободўстов.

«Дарё» мухбири билан суҳбатда бўлган боланинг тоғаси Жаҳонгир Жовлиев ҳамда бобоси Убайдулла Жовлиевлар Шавкат Донаев Сожида Жовлиевага аввалдан зулум ўтказиб келганини маълум қилмоқда.

«Опам бир марта уйга йиғлаб қайтиб келганда поччам унга зулум ўтказишини, ҳатто телефонда ҳам назоратга олиб биз билан гаплаштиришини айтганди. Биз телефон қилсак эса, уларга тушолмасдик. Бу зулумлар бугун жиянимни шу аҳволга солди», — дейди Жаҳонгир Жовлиев.

Убайдулла Жовлиев эса куёви Шавкат Донаевдан ҳатто уйдагилари ҳам норози эканини айтиб, куёви уйдагиларининг ҳам дилига озор берганини айтмоқда.

«Куёвим шунақа ичимдагини топ дейдиганлардан экан. Биз ҳам кеч билдик. Кеч англаб етдик. Бугун у ўз боласига зарар етказяпти. Демак, ундан яхшилик кутиш ахмоқлик. Қудам билан гаплашганимда ўғлининг шундайлигини, биргаликда уни тузатишга ҳаракат қилишимизни айтганди. Демак, ундан ўз яқинлари ҳам безор. Шунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар бунга адолатли баҳо беришар», — дейди Убайдулла Жовлиев.

loading...