Вакцинани фавқулодда қўллаш нимани англатади?

0

Вакцинани яратиш ва қўллаш учун тасдиқдан ўтказишнинг стандарт жараёни бир неча йил давом этади. Одатда, аввал клиниколди тадқиқотлар, кейин эса босқичма-босқич клиник тадқиқотлар ўтказилади. Аммо пандемия доирасида бу жараёнлар тезкор ўтказилиши мумкин. Маълум қилинишича, айни пайтда дунёдаги Covid-19’га қарши вакциналарнинг ҳеч бирининг клиник тадқиқотлари тўлиқ якунланмаган.⠀

Шунинг учун ҳам пандемияга қарши курашни бошлаш учун вакцинани фавқулодда қўллаш учун рухсат бериш процедураси мавжуд. Унинг берилиши препаратни қўллаш фойда бериши ва жиддий ножўя таъсири йўқлиги борасида етарли даражада далиллар борлигидан далолатдир. Pfizer, Moderna, AstraZeneca ва шу каби ҳозирда маълум бўлган Covid-19’га қарши вакциналарнинг барчаси фақат фавқулодда қўллаш рухсатномасига эга.⠀

ЖССТ томонидан маъқулланган, пандемия шароитида фавқулодда қўллаш мумкин бўлган вакциналар рўйхати мавжуд. Аммо ҳар бир давлат бошқа вакциналарни маъқуллаш ҳуқуқига эга. Негаки COVAX дастури бўйича тарқатиш учун маъқулланган препаратларни етказиб бериш ҳажми пандемия авжига чиққан пайтда бутун дунё аҳолисини эмлаш учун камлик қилади.

Ўзбекистон ҳам, худди бошқа давлатлар каби, ўз аҳолисини тезроқ эмлашдан манфаатдор, шунинг учун ҳам ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини фавқулодда қўллашни маъқуллаган биринчи давлат бўлди.

Биология фанлари доктори Алишер Абдуллаевнинг сўзларига кўра, маъқулланган вақтда вакцина ЖССТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг барча регламентларига жавоб берган. Шунингдек, Ўзбекистон вакцина самарадорлигини кўрсатган иккита клиник тадқиқот маълумотларини олган. Шундай қилиб, узоқ ва пухта текширувлардан кейин ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси давлатимиз томонидан фавқулодда қўллаш ва синовларнинг учинчи босқичини ўтказиш учун маъқулланди.

Ҳозирги кунга келиб синовларнинг III фаза натижалари вакцина юқори даражадаги хавфсизлик профилига эга эканини кўрсатди.  Айнан шу сабабли ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси фавқулодда қўллаш учун нафақат Ўзбекистон ва Хитойда, балки, эндиликда, Индонезияда ҳам маъқулланди.

loading...