Кубалик боксчилар Тошкентда келди

0

12-октябр эрта тонгда жаҳон боксида ўз ўрнига эга бўлган Куба терма жамоаси тўлиқ таркиб билан юртимизга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси маълум қилди.

Бундан икки йил олдин МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Куба бокс федерацияси президенти Алберто Пуиг билан учрашиб, яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказганди. Ушбу келишувга кўра, ўша 2019-йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон терма жамоаси Кубада ўқув-машғулот йиғинлари олиб борди. Эндиликда мазкур келишувнинг мантиқий давоми сифатида Куба терма жамоаси Ўзбекистонда юртимиз чарм қўлқоп усталари билан ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади.

Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент вилоятининг Янгиобод ўқув базасида йиғин олиб бормоқда. Бугун кубаликлар ҳам ушбу йиғинга қўшилишади ва ҳар икки мамлакат боксчилари олдинда турган жаҳон чемпионатига биргаликда тайёргарлик кўришади. Қайд этиш лозимки, кубаликларнинг Тошкентга келган таркибида уч нафар Олимпиада чемпиони ҳам бор.

Қўшма ўқув-машғулот йиғини 22-октябрга қадар давом этади ва ўша куни ҳар икки терма жамоа Белград шаҳрига жўнаб кетади.

loading...