ҚЎШИЛМАГАНЛАР ҚИСМАТИ

0

ЁШИГА ЁШ ҚЎШИЛСА-ДА, АҚЛИГА АҚЛ

ҚЎШИЛМАГАНЛАР ҚИСМАТИ

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида Тошбоев Учқун Олимбой ўғли (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) ва Дониёр Шарипович Холмирзаевга нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилди. Хўш, айни тоғни урса толқон қиладиган ёшдаги бу икки навқирон йигит нима сабабдан суднинг қора курсисидан жой эгаллашди? Мана шу саволга аниқлик киритиш мақсадида 31 ёшда эканлигига қарамасдан бир неча бор судланган У. Тошбоевнинг ўтмишига бир назар ташлаб ўтишни маъқул, деб топдик.

Учқун Тошбоев 1991 йилда йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, муқаддам судланган:

1) жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 169-моддаси 2-қисми «б, в, г» бандлари билан ЖКнинг 57, 82-моддаларини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари, яъни 10880 сўм жарима жазоси тайинланган;

2) жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01. 12. 2004 йилги «Амнистия тўғрисида»ги Фармони 1-моддаси «б» бандига асосан жарима жазосидан озод этилган;

3) жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан ЖКнинг 85-моддасига асосан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасига асосан тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланган;

4) жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а, в» бандлари ва 166-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари билан ЖКнинг 59, 60, 61-моддалари тартибида, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;

5) жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 3-қисми «а» банди билан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;

6) жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 59, 61-моддаси тартибида, 3 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;

7) жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 3-қисми «а» банди билан ЖКнинг 60-моддаси тартибида, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган;

8) Россия Федедерацияси Москва шаҳар Дорогомилов туман судининг ҳукми билан Россия Федерацияси ЖКнинг 158-моддаси 2-қисми «в, г» бандлари, 158-моддаси 2-қисмининг «г» банди ва бошқа моддалари билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган (тайинланган жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган, 07. 02. 2020 йилда жазодан озод этилган, Россия Федерацияси Иркутск вилояти Ангарск шаҳар судининг 10. 02. 2020 йилги ҳал қилув қарорига кўра, депортация қилиш белгиланган);

9) жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 173-моддаси 2-қисми «в» банди билан ЖКнинг 62-моддаси тартибида ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 10 ой 14 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, ЖИБ Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 22. 09. 2020 йилдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб, ЖКнинг 62-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 6690000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган (жарима 28. 09. 2020 йилда тўланган),

вақтинча ишсиз, Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи, иш бўйича «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «а, б, в» бандлари билан айбланган.

Суд судланувчилар, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, қуйидагиларни аниқлади:

2021 йил 22 февраль куни соат тахминан 20: 40ларда Тошбоев Учқун Олимбой ўғли таниши Дониёр Шарипович Холмирзаев билан бир гуруҳ бўлиб, жамиятда юриш туриш ва ўз мазмунига кўра умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасдан, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Бобур кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг олдида Фозилжонов Темур Комилжон ўғли билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб, кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган пичоқни қўллаш билан қўрқитиб, баданининг турли жойларига қўл ва оёқлари билан бир неча бора уриб-дўппослаб, унга ўртача оғир тан жароҳати етказишган.

Судланувчи Учқун Тошбоев суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, 2020 йил 22 февраль куни соат тахминан 16: 00ларда туғруқхонада бўлган турмуш ўртоғидан хабар олмоқчи бўлиб, тутинган опаси Дилбарни Яккасарой тумани Бобур кўчасида жойлашган уйидан олиб, таниши Одил Камоловнинг «Малибу» русумли автомашинасида биргаликда туғруқхонага борганлигини, туғруқхонадан сўнг улар опаси Дилбарнинг уйига турмуш ўртоғининг кийим-кечакларини олиш учун қайтиб келишганлигини, опасининг уйига кирганида меҳмонхонада опаси Дилбарнинг 2 нафар фарзанди, дугонаси, укаси Ҳабибулла ҳамда Темур Фозилжонов бўлганлигини, Темурни опасининг уйидаги мебелни таъмирлаш учун чақиришгани аниқланганлигини, опаси Дилбар Т. Фозилжонов билан ўзаро гаплашиб, акаси қамалиб қолганлиги сабабли оиласи қийналаётганлигини айтиб, мебель ясаши учун акаси берган пулни қайтаришни ёки ваъда қилган мебелни қилиб беришни талаб қилганида, Темур Фозилжонов қўполлашиб ва ҳақоратли сўзларни ишлатиб, опаси Дилбарга мебель цехда тайёр эканлигини айтиб, лекин келишув акаси билан бўлганлиги учун мебель юзасидан фақат акаси билан гаплашишини маълум қилганлигини, у уларнинг суҳбатини кузатиб туриб, Темурга ўзини босиб олишини ва ҳақоратли сўзларни ишлатмаслигини, бу ерда аёллар бўлгани учун қолган гапларни пастга тушиб гаплашиб олишлари ва опаси Дилбарнинг илтимосига кўра, цехга бориб мебелларни кўришлари лозимлигини айтганлигини, шу билан у Т. Фозилжонов, Ҳабибулла ва ҳайдовчиси Одил Камолов билан уйдан чиқиб, лифтни кутиб туришганида, унинг илтимоси билан турмуш ўртоғига керакли дориларни биргаликда етказиш мақсадида келган таниши Дониёр Холмирзаев ҳам уларнинг олдига лифтда чиқиб қолганлигини, у таниши Дониёрга бўлиб ўтган ҳолатни тушунтириб, унга ҳам пастга тушишни айтганлигини, пастга тушиб, уйга кириш подъездидан чиқиш йўлагига ўтганларида Т. Фозилжонов унга цехдаги мебель бошқа бировники эканлигини айтганида, унинг жаҳли чиқиб, Темурнинг юз қисмига ўнг кафти билан шапалоқ уриб юборганлигини, шунда Темур ҳам уни қўли билан урмоқчи бўлганлигини, лекин у қочиб қолгани учун Т. Фозилжоновнинг қўли ўтиб кетганлигини, шу ҳолатда Дониёр Темурни қучоқлаб олиб, чеккага тортганлигини, Одил эса уни ушлаб ажратганлигини, Темур ҳақоратли сўзлар айтгани учун Дониёрнинг жаҳли чиқиб, Т. Фозилжонони уриб ташлаганлигини, зарбалар унинг қаерига текканлигини аниқ кўра олмаган бўлса-да, Темурнинг бурни қонаётганлигини кўрганлигини, сўнгра у «Ёрдам беринглар!» деб бақир-чақир қилганлигини, бу вақтда подъезддан чиққан опаси Дилбарга «Опа, бу пулингизни берадиганга ўхшамайди», деб айтганида, Т. Фозилжонов Дилбарга «Муҳлат беринглар, пулни ёки мебелни қилиб бераман», деб илтимос қилганлигини, сўнгра Дониёр ўзи келган «Жентра» русумли автомашинасида, у эса Одил Камоловнинг машинасида кетишганлигини, Дониёрда пичоқ борлигини кўрмаганлигини, Т. Фозилжоновни илгари кўрмаганлиги ва танимаганлигини, лекин опаси Дилбар унга бир мебелчи билан муаммоси борлиги ҳақида олдин гапирганлигини, у пастга тушиб, Темурга берган ваъдасини бажариши лозимлиги ҳақида тушунтирмоқчи бўлганида, Т. Фозилжонов қўпол ва ёлғон гапиргани учун уни уриб юборганлигини, ҳозирда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини кўрсатиб, суддан унга енгиллик беришни сўради.

Судланувчи Дониёр Шарипович Холмирзаев ҳам суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини кўрсатиб, суддан унга енгиллик беришни сўради.

Суд ҳукмига кўра, Тошбоев Учқун Олимбой ўғли ва Дониёр Шарипович Холмирзаевга 1 (бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва тайинланган жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

 

Темур КАСИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

Суннатулло АБДИМУРОД ўғли, журналист

loading...