“Заковат”чилар учун Тошкентда алоҳида бино қуриб берилади — Шавкат Мирзиёев

0

Президент Шавкат Мирзиёев Бухорода ўтган “Заковат” брейн-ринг интеллектуал ўйини финалини бевосита кузатиб борди. Финал баҳсидан сўзга чиққан давлат раҳбари барча иштирокчиларни қутлаб, мамлакат келажаги илмга интилган ёшлар қўлида эканини таъкидлади.

“Доим сизнинг ўйинларингизда иштирок этишни истардим, бугун хурсанд бўлдим. Ушбу клубни ташкил этишда бош-қош бўлган жонкуяр инсон – Абдурасул Абдуллаев, фаол иштирокчилар – Бобур Ёқубов, Жобир Аҳмедов, Хушнудбек Худойбердиев, Азиза Ибрагимова, Рустам Жабборов, Саидкамол Абдураззоқов, Зебо Шомирова, Фурқат Қурбонов, Умид Валиевга алоҳида раҳмат айтмоқчиман.

“Заковат” клубини аввало молиявий ривожлантириш керак. Шу мақсадда ҳар йили 50 миллиард сўм пул ажратилади. Чекка туманларда ҳам “Заковат” клублари ташкил этилади, мактабларда ҳам “Заковат” клуби ташкил этилади.

Суриштирдим, “Заковат” клубининг ўз биноси йўқ экан. Сизларга Тошкентнинг сўлим жойидан алоҳида бино қуриб берамиз”, – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шавкат Мирзиёев “Заковат” клуби асосчиси Абдурасул Абдуллаев ва финалда ғолиб бўлган Хоразм жамоаси аъзоларига давлат мукофоти берилишини маълум қилди.

Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб, талаба ёшлар ўртасида Президент соврини учун Интеллектуал олимпиада ташкил этилади.

Президентнинг сўзларига кўра, Тошкентда Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси, вилоятларда эса “Интеллектуал парклар” ташкил этилади. Интеллектуал мусобақалар ғолиблари ва таълим соҳасида юқори натижаларга эришган йигит-қизлар учун Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида Интеллектуал мактаб ташкил этилади.

-2021 йилги “Заковат” брейн-ринг интеллектуал ўйинлари финалида Хоразм жамоаси Навоий жамоасини икки раундда 4:3, 5:2 ҳисобларида мағлуб этди. Ғолиб жамоанинг ҳар бир аъзосига Gentra автомобили совға қилинди.

-Янги форматдаги «Заковат» брейн-ринг ўйинлари йил давомида бутун республика бўйлаб ўтказилди. Барча вилоятдаги ҳудудий ғолиблар 100 миллион сўмдан мукофотни қўлга киритди. Республика бўйича ғолиб бўлган 13 жамоа ва энг яхши иккинчи ўринни қўлга киритган 3 жамоа гранд финал баҳсларида иштирок этди.

loading...