«Баққолнинг гуноҳларини ўз елкангга олиб, дўзахни ўзингга тайин қилиб қўйдинг…»

0

Бир одам йўлда кетаётиб, деҳқонга дуч келибди. Деҳқон сўраб қолибди:
– Йўл бўлсин.
– Сигиримга ем олмоқчиман, шу тарафда бир баққол бор экан, шунинг дўконига кетяпман.
– Шунақами? Ундай бўлса, эҳтиёт бўл, алданиб қолма!
– Мени ҳеч ким алдай олмайди!
– Мен айтдим-қўйдим-да…

У одам баққолнинг дўконига етиб келибди. Салом-аликдан сўнг, емнинг нархини сўрабди. “Фалон нарх”, – дебди баққол.
– Яхши, менга ўн кило берсангиз.
Баққол ўтирган жойидан қўзғалмабди. Қўли билан дўконнинг орқа томонига эринибгина ишора қилиб:
– Ўша ёққа ўтиб, емдан керагини олгин-да, менга пулини тўлаб кетавер. Ем тўкиб қўйилган жойда тарози ҳам бор, – дебди.

Харидор кўрсатилган тарафга ўтиб, халтасини тарозига қўйиб, ем сола бошлабди, ўн кило бўлгандан кейин қараса, атрофда ҳеч ким йўқ, баққол ўтирган жойдан бу тараф кўринмайди ҳам. Одам халтасига тўрт-беш кило ортиқча ем солибди ва баққолга ўн кило ем учун пул тўлаб, уни алдабди. Чиқиб, ўз йўлига кетибди. Йўлда яна бояги деҳқонни учратибди.
– Ем олдингми? – сўрабди деҳқон.
– Ҳа, олдим. Сиз алданиб қолма, дегандингиз. Баққолингиз алдашни эплайдиган одам эмас-ку, бир жойда мудраб ўтирибди. Қайтага мен уни бопладим, тўрт-беш кило ортиқча ем олдим, сезгани ҳам йўқ…

Деҳқон бу одамнинг юзига ачиниш билан боқиб, бошини сарак-сарак қилибди:
– Мен сенга айтгандим-а, алданиб қолишдан эҳтиёт бўл, дегандим-а! Афсус… Аслида сен алдандинг! Арзимаган 4-5 кило ем учун хайр-баракангни қўлдан бой бердинг, баққолнинг гуноҳларини ўз елкангга олиб, дўзахни ўзингга тайин қилиб қўйдинг…

loading...