Тошкентда ЙПХдан қочган Nexia ҳайдовчисини тўхтатишда табел қуролидан ўқ узилган

0

Тошкентда тўланмаган жарималари сабаб қидирувда бўлган Nexia ҳайдовчиси ЙПХдан қочаётганида инспектор ва пиёдани уриб юборгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳайдовчини ушлаш вақтида юзага келган жанжал акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалганди. Пойтахт ИИББ унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилиб, воқеа тафсилотларини эълон қилди.

Воқеа 30 сентябрь куни соат 23:00 ларда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасида юз берган. Шу куни аёллар билан тўла Nexia-2 ЙПХ ходимларининг ҳуштак ва жезл ёрдамида тўхташ ишорасига қамал қилмай, уларни 4 марта четлаб ўтиб, бошқа машинага зиён етказиб, йўлида давом этган.

«Кузатув давомида ҳайдовчи бир неча бор рўпара қизил маёқчалар ёқилган ҳолатда огоҳлантиришимизга қарамасдан, фуқароларнинг ҳаётига хавф туғдириб, бир неча фуқарони уриб юбориш каби хавфли ҳолатларни келтириб чиқаргани сабабли олдига ўтиб тўхтатиш чораларини кўрсак ҳам ҳаракатини кескин давом эттирди.

Ҳаракат тўлиқ ёпилганидан сўнг автоулов келиб тўхтади. Кейин йўналишини ўзгартириб қочмоқчи бўлди. Ўша пайт мен автоуловнинг олд томонига чиқиб, ундан тўхтатишни талаб қилганимда, ҳайдовчи машинани тўғри устимга ҳайдади ва олд бампер қисми билан тизза қисмимга уриши оқибатида ағдарилиб тушдим. Қўл остимдаги ходимим катта сержант Исмоилов Отабек хизмат вазифасини ўташ учун ўзига бириктирилган табел қуроли билан бир марта ўқ узди», — дейди майор Рустам Исмоилов.

Хабарда айтилишича, бундай вазиятда ЙПХ инспектори ўрнатилган тартибга биноан кескин чора кўришга мажбур.

Рустам Исмоиловнинг айтишича, кўрилган чоралар натижасида Nexia-2 тўхтатилиб, ҳайдовчини ўриндиқдан туширишга ҳаракат қилинган пайтда машинада бўлган йўловчи аёллар — ҳайдовчининг онаси, холаси ва опалари инспекторга қатъий қаршилик кўрсатиб, омма олдида ўзини кўрсатиб, бақириб, инспекторнинг бодикамера ва алоқа воситасини олиб, улоқтириб юборган.

Шундан сўнг ЙПХ ходими аёллардан тинчланишларини сўраган, аммо жанжални давом эттираётган аёллардан бири бўйсунишни хоҳламай орган ходимининг погонини юлиб олган. Инспектор рация орқали қўшимча кучларни ёрдамга чақираётганда аёллардан бири унинг қўлидаги алоқа воситасини тортиб олиб, улоқтириб юборган.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлганлар аёлларни тинчлантиришда ички ишлар ходимларига яқиндан ёрдам берган.

«Сергелидан Абу Сахийга қараб кетаётганимда бир нечта аёл ва ҳайдовчи жанжаллашиб турганини кўрдим. Биринчи тўхтаб, вазиятни ўргандим. Аёллар ЙПХ ходимларига ҳақиқатдан ташланишди. Буни кўриб тинчлантиришга ҳаракат қилдик. Инспекторлар аёлларга нисбатан ҳеч қандай куч ишлатмади», — деган воқеа гувоҳларидан бири.

ИИББнинг қўшимча қилишича, машина лизинг асосида харид қилинган бўлиб, тўлов ўз вақтида амалга оширилмагани учун автомобиль қидирувда бўлган.

Айни вақтда Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига қаршилик кўрсатиб безорилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ўз бурчини бажараётган ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, жамоат тартибини бузган қолган 4 нафар аёлга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлишлари ҳақида тилхат ёздириб олинган.

loading...