Ливанда намойишчилар ўққа тутилди. Бу ҳақда нималар маълум? (фото)

0

Байрутдаги намойишлар чоғидаги отишма туфайли камида беш киши ҳалок бўлган ва яна бир неча киши жароҳатланган. Акция иштирокчилари ўтган йил августида портда рўй берган портлаш бўйича суриштирувларнинг бориши юзасидан эътирозлари билан кўчаларга чиқишган. Одамларга айнан кимлар ўқ узгани маълум эмас.

Шифокорларнинг сўзларига кўра 60га яқин киши жароҳатланган, айримлар оғир аҳволда, шифохоналарга жароҳатланганларни олиб келиш давом этмоқда.

BBC’нинг Байрутдаги мухбири Анна Фостернинг хабар беришича, шаҳардаги вазият тонгданоқ кесинлаша бошлаган.

Намойишчилар шаҳар марказидаги Тайунех-Бадаро туманидаги ҳалқа йўлни кесиб ўтишгач тўхтовсиз отишмалар бошланиб кетган. Хабарларга кўра, тартибсизликларга бинолардан бирида жойлашган мерганлар намойишчиларни ўққа тута бошлаши сабаб бўлган.

«Франс пресс» корреспондентлари Байрутдаги христианлар ва шиа мусулмонлари яшовчи кварталлар чегарасидаги ҳудудда ўқ овозларини эшитишган. Ливанда 1975 йилги фуқаролар уруши бошланишида ҳам айнан шу нуқтада асосий воқеалар рўй берганди. Ливан телевидениесида автомат ва бошқа оғир қуроллар кўтарган одамлар акс этган кадрлар намойиш этилди.

Ҳарбийлар вакили хабар қилишича, отишмаларга жавобан армия кучлари ҳудудни ўраб олган ва ўқ узаётганларни қидиришга тушган. Улар қуролланган шахслар ўрнашган бўлиши мумкин бўлган атрофдаги бинолардаги квартираларда ва уйларнинг томларида тинтув ўтказишган. Бу жараёнда кучли портлаш овозлари эшитилган, аммо қайси томон қайси томонга қандай қуроллардан ўт очаётганини аниқлаб бўлмаган.

Ҳарбийлар Ливан кўчаларига зирҳли техникалар жойлаштирган, армия вакиллари аҳолини хавфли ҳудудларни тарк этишга чақирган.

Ҳарбийлар баёнотида қурол кўтарган шахслар уларнинг нишонига айланиши ҳақида огоҳлантирилган.

«Ҳизбуллоҳ» ва «Амал» гуруҳларининг қўшма баёнотида бу гуруҳлар «бинолар томида жойлашган мерганлар» томонидан намойишчилар ўққа тутилиши қораланган.

«Қуролланган ва уюшган гуруҳларнинг бу ҳужуми мамлакатда қасддан тартибсизликлар келтириб чиқаришга қаратилган, бунинг учун иғвогарлар ва сиёсий манфаатлари йўлида портда қурбон бўлганларнинг қони ортига яширинаётган томонлар жавобгарликка тортилиши керак , дейилади баёнотда.

Намойишчилар нима истамоқда?
Шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» ва «Амал» ҳаракати тарафдорлари Байрутдаги кимёвий моддалар сақланган омборхонада рўй берган портлаш бўйича текширувларга раҳбарлик қилаётган ҳакам Тариқ Битарнинг ишдан четлатилишини талаб қилишмоқда. Уларнинг фикрича, ушбу ҳакам тарафкашлик қилиб, портлашлар учун айбни шиалар томонидан қўллаб-қувватланган собиқ ҳукумат вакилларига юкламоқчи.

Аввалроқ суд судья Битар устидан қилинган шикоятларни рад этганди. Қурбонларнинг оилалари бу қарорга қарши чиқишган, натижада уч ҳафта ичида иккинчи марта текширувлар тўхтатилганди.

Ҳозиргача ҳеч ким 291 киши ўлимига ва порт атрофидаги ҳудудлар бутунлай вайрон бўлишига олиб келган ушбу ҳалокат учун масъулиятни зиммасига олмаган.

Портда юзага келган ёнғин оқибатида 2750 тонна қишлоқ хўжалигида ўғитлаш мақсадида кенг қўлланадиган кимёвий модда – нитрат аммоний портлаб кетганди. Бу моддалар қарийб олти йил мобайнида бирор хавфсиз сақлаш қоидасига амал қилинмаган ҳолда портдаги омборхонада ётган.

Юқори мартабали амалдорлар портда бундай юк борлигидан ва у хавфли эканидан хабардор бўлишган, аммо уни хавфсиз жойга кўчириш ёки йўқ қилиш чораларини кўришмаган.

Қурбонларнинг қариндошлари ва фаолларнинг таъкидлашича, Ливаннинг сиёсий раҳбарияти доимий равишда сиёсатчилар ҳамда расмий шахсларни терговдан ҳимоя қилишга уриниб келмоқда.

Ливан Кассация суди (Олий суд эквиваленти) жорий йил бошида ушбу ишни юритган судья Фади Саванни, у юқори лавозимли амалдорларни бепарволикда айблаганидан кейин ишдан четлатганди. Ўшанда айбланувчилар қаторида мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири Ҳасан Диаб, собиқ молия вазири Али Ҳасан Халил ва собиқ жамоат ишлари вазирлари Юсуф Финянус ҳамда Ғозий Зайтар каби номлар бор эди.

Уларнинг тўрталаси ҳам судьяни ваколатини суиистеъмол қилишда айблаган ва сўроққа келишни рад этганди.

Ҳозирда Байрутдаги ҳолатга совуққонлик билан қарашда айбланаётган собиқ ички ишлар вазири Ноҳад Маҳнуқ ҳам судья Битарнинг истеъфосини талаб қилмоқда. Маҳнуқ ўзига билдирилган айбловларни рад этган.

Бир неча кун ўтиб Халил ва Зайтар ҳам судья устидан шу каби шикоятлар беришди.

Аммо пайшанба кунги Кассация суди барча даъволарни қайтарди ва буни бу масалалар унинг ваколатига кирмаслиги билан изоҳлади.

Энди судья Битар зудлик билан текширувларни қайтадан бошлаши мумкин. Аммо у собиқ вазирларни 19 октябрга қадар сўроқ қилиб бўлиши талаб этилади: ўша куни Ливан парламенти фаолияти тикланади ва улар янги чақириқ депутатлари сифатида дахлсизлик иммунитетига эга бўлиши мумкин.

kun.uz

 

loading...