Туркиялик «тадбиркор»нинг тузоғи

0

2019 йилнинг ноябрь ойи. Туркия пойтахти Истанбул шаҳри. Мармар денгизи ва Босфор бўғозининг паст-баланд соҳилларида жойлашган таърифи тилларда достон бу гўзал шаҳарни бир марта бўлса-да, кўришни орзу қиладиган инсонлар жуда кўп. Босфор бўғози Истанбулни иккига — Осиё ва Европа қисмига боғлаб туради. Шаҳардаги шинам қаҳвахоналардан бирида уст-боши ва ўзини эркин тутишидан шу ерлик экани яққон сезилиб турган 38-40 ёшлар чамасидаги эркак қошлари қоп-қора, узун киприклари оппоқ юзига ярашган, чиройликкина қиз билан гаплашиб ўтирибди. Суҳбатдошининг ҳазил-ҳузул сўзларига жавобан фақат маъюсгина жилмайиб қўйиш билан кифояланаётган қизнинг кўзларига қараган киши уни қандайдир муаммо безовта қилаётганини сезиши қийин эмас. Бу қиз асли Ўзбекистон Республикаси фуқароси Бинафша Исоқовна Қодирова (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) бўлиб, унинг рўбарасидаги стулдан жой олган эркак Фатих Фуркан эди.

— Бинафша, кўп зиқналма, Аллоҳ шоҳид сўзларимга, мен сенга ваъда бердимми, демак, ҳаммаси яхши бўлади, — деди кулгили ҳангомалари бу гўзал қизга асло ёқмаётганини, ниҳоят, сезиб қолган Фатих мутойиба қилишдан тўхтаб. — Чунки худди бошқа жойлардаги каби бизларда ҳам, тепада ишлаётганларнинг емак-ичмаги ва ўзига яраша харажатлари бор. Сен камина айтган пулни бергин-да, ортиқ ташвиш чекма, мабодо сенга нисбатан Туркия давлатига киришга тақиқ қўйилган тақдирда ўзимнинг раҳбарлигимдаги ширкат орқали ушбу тақиқларни бекор қилдираман.

— Фатих оға, яширмайман, мен ҳам бу мусофир юртда бир-икки пора ишлай деб юрибман, — дея суҳбатдошининг қув кўзларига тикилди Бинафша. — Ўшанга анави айтган суммангизни озгина камайтириб беролмайсизми?

Қиздан бу сўзларни эшитган Фатих пешонасига муштлаган бўлди. Кейин эса унинг тилидан шундай сўзлар учди:

— Аллоҳ, Аллоҳ! Бинафша гулим, нима, сен мени хизмати эвазига жуда катта пул сўраяпти, деб ўйлаяпсанми? Ахир айтдим-ку, тақиқни йўқ билишнинг ўзи бўлмайди! Бу ишни қилиш учун марказий базага кириш керак…

— Майли, Фатих оға, розиман, фақат пулни яхлит қилиб беролмайман, — дея узун киприкларини пирпиратди Бинафша. — Ахир хўп, десангиз иккига бўлиб беришим мумкин.

Фатих тағин пешонасига муштлади:

— Аллоҳ, Аллоҳ! Сиз аёлларни нима қилса бўлади-я?! Барибир бор нағмаларингизни ишга солиб, биз эркакларни йўрғингизга солиб оласиз-а! Менинг сендек гўзал қизга «Хўп», дейишдан бошқа иложим борми, айт?

Бинафшанинг оппоқ юзига ранг кириб, чиройли кўзларида умид учқунлари пайдо бўлганини сезган Фатих чап қўли билан столни чертди-да, сўзида давом этди:

— Фақат пулнинг кўпроқ қисмини мана шу ойнинг ўзида қилиб берасан, қолганини кейинроқ… Маъқулми?

— Маъқул, Фатих оға, маъқул, — дея бош ирғади Бинафша. — Сизга минг доллар тайёрлаб берсам бўладими?

Шу тариқа осонлик билан содда ўзбек қизининг ишончига кирган Фатих Фуркан Бинафша Қодировадан 2019 йилнинг ноябрь ойида 1000 АҚШ доллари, 2020 йил январь ойида 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олишга мувафақ бўлди.

Ўз ишидан хурсанд бўлиб кетган Фатих бора-бора меҳнат қилмасдан туриб, бировларни алдаш йўли билан пул топишнинг роса ҳадисини олди ва 2020 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Жамшид Жўраев билан Истанбул шаҳрида учрашиб, унга ўзининг раҳбарлигидаги ширкат орқали хорижда ишлаш истагида бўлган шахсларни чет элга юбораётганлигини маълум қилди. Буни қарангки, анчадан бери Жанубий Корея давлатига ишлаш учун боришни орзу қилиб юрган Жамшид ҳам Фатихнинг сўзларига ишонди-да, унга 1200 евро миқдоридаги пул маблағини қўшқўллаб топширганини билмай қолди.

Навбатдаги «мижоз»ни чув тушириб, ўзидаги «иқтидор» янада ортаётганини сезган Фатих темирни қизиғида босишга аҳд қилди. Яъни у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2020 йилнинг август ойида яна бир ҳамюртимиз — Алихўжаев Шоядбек Даврон ўғли билан Истанбул шаҳрида учрашиб, унга ҳам Жамшид Жўраевга айтган эртагини чиройли қилиб айтиб берди. Нима десангиз денг-у, аммо туркиялик «тадбиркор»нинг сеҳр-жодудан хабари бор эдими ёки Шоядбек имкон туғилса қанот чиқаргудек бўлиб Жанубий Корея давлатига ишлаш учун кетишга тайёр эканми, хуллас, бу йигит ҳам Фатихнинг ваъдаларига учиб, тез орада унга 1600 евро миқдоридаги пул маблағларини тутқазди.

Фирибгар Фатихнинг қўйган тузоғига 2020 йил август ойининг ўзидаёқ Комила Зокирова ҳам илиниб қолди. Комила билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, суҳбатлашиш давомида Фатих унга нисбатан Туркия давлатига киришга қўйилган тақиқни ўзининг раҳбарлигидаги ширкат орқали бекор қилиб беришни маълум қилди ва ундан бу иши эвазига жами 900 АҚШ доллари миқдорида пул сўради. Комила эса ҳеч иккиланмасдан бу пулларни Фатихга бериб юборди. Бели оғримасдан топаётган жарақ-жарақ АҚШ долларларининг жозибасига учган Ф. Фуркан тўрт кишини чув тушириш билан кифояланибди-да, дея ўйласангиз адашасиз. «Қаҳрамонимиз» ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ҳусниддин Тошқулович Суюнов билан Туркия Республикаси Истанбул шаҳрида учрашиб, унга ўзининг раҳбарлигидаги ширкат орқали Туркия давлатида доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, Ҳусниддиндан 800 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ундирди. Шунингдек, ёлғонни ямламай ютадиган Фатихнинг тузоғига яна бир ўзбекистонлик йигит — Ўктамов Шоҳрух Дилмурод ўғли ҳам илинди. Фатихнинг уни Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юбориш ҳақидаги ваъдаларига учган Шоҳрух 2020 йил

ноябрь ойида нақд 3000 АҚШ долларидан ажралди. Жанубий Корея давлатига бориб ишлашни ният қилиб юрган яна бир ўзбек йигити Толиб Қўчқоров эса Ф. Фурканга 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини қай тариқа берганини билмай қолди.

Т. Қўчқоровдан кейинги жабрдийда — Зиёда Каримова билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, суҳбатлашиш давомида унга нисбатан Туркия давлатига киришга қўйилган тақиқларни ўзининг раҳбарлигидаги ширкат орқали 3000 АҚШ доллари эвазига бекор қилдиришини маълум қилган Фатих бечора аёлнинг 1900 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларига эга чиқди.

Агар истанбуллик фирибгарнинг ҳийла-найрангларига учиб, унга пул маблағларини қўшқўллаб топширган барча ҳамюртларимизнинг исм-фамилиясини санаб ўтсак, бу рўйхат ҳали анча давом этиши тайин. Уларнинг ҳаммаси Ф. Фурканнинг ваъдаларига ишониб, пешона тери эвазига топган пулларини фирибгарга бериб юборган содда инсонлар бўлиб, кимдир «холис хизмати» учун Фатихга 1500 АҚШ доллари берган бўлса, бошқаси 3200, яна бирови эса 1600 АҚШ доллари берган. Тўғри, гоҳ-гоҳида Фуркан «инсоф» қилиб, бажарган иши эвазига бор-йўғи 1000 ёки 800 АҚШ доллари сўраган ҳолатлар ҳам учрайди. Аммо бунақаси жуда кам…

Ниҳоят, ўзбекистонликларни Туркияда чув туширишга устаси фаранг бўлиб кетган бизнинг Фатихимиз «фаолиятини» юртимизда давом эттиришга аҳд қилади. Ахир алданишга мойил шунча одамлар турганида Истанбулда қармоғига илинаётган яккам-дуккам ўлжалар билан кифояланиб бўлармиди?

2021 йил январь ойида Маҳмуд Тиллаев билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, у билан Андижон шаҳрида учрашиб, суҳбатлашиш давомида Фатих М. Тиллаевнинг ишончига киришга улгурди ва ундан 900 АҚШ доллари миқдоридаги пул олади. Кейин эса Гулчеҳра Элмуродова билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, у билан Самарқанд шаҳрида учрашади ва Г. Элмуродовага қуюқ ваъдаларни беради. Шунчаки эмас, балки

1600 АҚШ доллари эвазига, албатта.

Аммо товламачи ёки фирибгар ҳар қанча ўз ишига пухта бўлмасин, қонун устувор давлатда узоқ вақт бу каби жиноий ишларни амалга ошириб бўлмайди. 2021 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида, Фатих Фуркан Самарқанд шаҳар Регистон кўчасида жойлашган меҳмонхонада тадбирга шартли мижоз сифатида жалб қилинган Пўлатов Собирдан уни Туркия давлатидаги ширкат орқали 4200 АҚШ доллари эвазига Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юборишни маълум қилиб, ундан дастлабки тўлов сифатида 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.

Судланувчи Фатих Фуркан суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳозирги кунда қилмишидан пушаймонлигини, етказилган моддий зарар қоплаганлигини, унинг оилавий шароитини инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлашни сўраб кўрсатув бериб ўтди.

Суд ҳукмига кўра, Фатхи Фурканга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан

узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 93 (тўқсон уч) баравари — 20739000 (йигирма миллион етти юз ўттиз тўққиз минг) сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ҳукм ижро қилингач Ф. Фуркан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариб юборилиши белгилаб қўйилди.

Алишер ЖАЛИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси

Суннатулло АБДИМУРОД ўғли,

журналист

loading...