Россияда ковид янги антирекордларни қайд этмоқда

0

Россияда жума куни кунлик касалланиш ҳолатлари ва бир кунда Covid-19’дан вафот этганлар сони бўйича янги максимумлар қайд этилди – 32 196 янги бемор ва 999 қурбон. Коммунаркадаги шифохона бош врачи вазиятни ўта оғир деб атади – унинг сўзларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб ковид госпиталлари тўлиб бормоқда. Москва шаҳри мэри пойтахтда янги чекловлар жорий этилиши мумкинлигини истисно қилмади.

РФда пандемия бошидан буён ковидга чалиниш ҳолатлари сони, расмий статистика бўйича 7 925 176тага етган. Шундан 221 313 бемор вафот этган, 6 960 024 киши соғайган (беморларнинг 22 268 нафари сўнгги кун давомида шифохоналардан чиқарилган).

Янгиланган максимумлар
Коронавирусга қарши кураш бўйича оператив штаб сўнгги бир кунда Россияда Covid-19га чалиниш бўйича 32 196та янги ҳолат рўйхатга олингани ҳақида маълумот берди. Бу пандемия давридаги максимал кўрсаткичдир, бундан олдинги максимум бир кун олдин қайд этилган – 31 299 ҳолат, шу куни пандемия даврида кунлик касалланиш ҳолатлари сони илк марта 30 мингдан юқори бўлганди.

Москвада бир кунда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 6 631та янги ҳолат ва 81та ўлим ҳолати тасдиқланган, бу кўрсаткичлар пойтахтда 9 июлдан кейинги энг максимал кўрсаткичлардир. Бир кун олдин Москвада 6 712та касалланиш ҳолати қайд этилганди.

Шу тариқа, Россия пойтахтида қаторасига иккинчи кун кунлик ҳолатлар сони 6 мингдан юқори бўлди. РБК нашри аввалроқ, бу рақамлар расмийларни янги чекловлар жорий этиш ҳақида ундаши мумкинлигини ёзганди.

Сўнгги бир кунда Россиия бўйлаб коронавирус беморларининг қарийб минг нафари вафот этган – 999 ўлим. Бир кун олдин 986 ўлим қайд этилган – бу ҳам пандемия давридаги рекорд кўрсаткич бўлганди. Қаторасига учинчи кун пандемия давридаги ўлим ҳолатлари бўйича рекордлар янгиланди.

Энг кўп ўлим ҳолатлари Москва (70), Петербург (62) ва Краснодар ўлкасига (40) тўғри келмоқда. Петербургда сўнгги бир кунда 2 632та янги касалланиш ҳолати аниқланган. Россияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин ўсиши сентябрь ойида бошланган ва  октябрга келиб суръат янада тезлашиб, ўлим ҳолатлари ҳам кескин кўтарилиб кетди. Икки кўрсаткич бўйича ҳам доимий равишда максимумлар янгиланиб келмоқда. Росстат кейинроқ маълумотларни умумлаштирганида коронавирус билан боғлиқ ўлимлар миқдори икки баробар кўпроқ экани маълум бўлди.

Собянин чекловлар қайтиши мумкинлигини айтмоқда
Москва расмийлари коронавирус тарқалиши темпини пасайтириш учун янги чекловлар жорий этиши мумкин. Шаҳар мэри Сергей Собянин бу ҳақда пайшанба куни, оператив штаб кунлик касалланиш ҳолатлари кескин кўтарилиб, кунлик ўсиш бир кун аввалгидан 2 302тага кўп бўлганини маълум қилиши ортидан айтиб ўтди.

«Пандемия бўлишидан қатъи назар биз шаҳарни ривожлантиришдан тўхтамаймиз, шаҳар барибир тўлақонли ҳаёт кечиришда давом этади», деган у шаҳар телеканали эфирида.

«Ҳа, қандайдир чекловлар бўлиши мумкин. Ҳа, қандайдир қисқа муддатли чекловлар жорий этишимиз эҳтимолдан йироқ эмас», дея қўшимча қилган у айнан қандай чекловларни назарда тутаётганига аниқлик киритмасдан. «Умуман олганда, шаҳар вазиятга мослашади ва бу бизни тўхтатмаслиги, шаҳарни тараққиётдан тўхтата олмаслигини тушуниб турибмиз», дея такрорлаган Собянин.

Октябрь ойида Россиянинг кўплаб регионларида касаллик тарқалиши тезлашганига жавобан янги чекловлар киритилиши бошланди. Ҳукумат айрим жойларга кириш учун QR-код жорий этган, алоҳида касбий ва ижтимоий гуруҳлар учун мажбурий вакцинация талаб қилинмоқда.

Москвада ресторанларга кириш учун QR-кодлар талаб этилиши июль ойида, касалланиш даражаси пасайиши заҳоти тўхтатилганди ва шундан буён расмийлар бу тизимга қайтиш ҳақида гапиришмаган. Собянин пойтахтда мажбурий эмланиш билан боғлиқ қўшимча қарорлар ҳозирча режалаштирилмаганини маълум қилди.

«Бутун мамлакат бўйлаб госпиталлар тўлиб бормоқда»
Россияда коронавирус тарқалиши бўйича вазият критик ҳолатга яқинлашмоқда, аҳоли орасида эмлаш даражаси жуда паст, дея вазиятни баҳолаган Москва яқинидаги коронавирусга қарши даволашга ихтисослашган Коммунарка шифохонаси бош врачи Денис Проценко.

«Вазият агар критик бўлмаса, унга яқин», дея ёзган у телеграмдаги каналида. «Мамлакатнинг турли нуқталаридаги ҳамкасбларим билан мулоқотдан маълум бўлишича, ҳозирда инфекция бўйича госпиталларга юклама юқори. Беморлар жуда кўп. Ва бу вакцинация даражасидан келиб чиқсак, у қадар ҳайратланарли эмас!» – дейди у. Аввалроқ ҳукумат ҳам вакцинация бўйича паст темплар мамлакатда Covid-19 қурбонлари сони кескин ошишига олиб келгани ҳақида маълум қилганди.

Проценконинг сўзларига кўра, ҳозирда «кўплаб оғир аҳволдаги беморлар реанимация бўлимларида ётибди, чунки коронавируснинг дельта-штамми устунлик қилмоқда ва унга қарши синовдан ўтмаган даволаш алгоритмлари ва протоколлар самарали ишламаяпти».

«Юқумли касалликлар шифохоналарида қанча кўп койка бўлмасин, уларнинг сони чекланган ва бутун мамлакат бўйлаб бу ўринлар тезлик билан тўлиб бормоқда. Ҳамкасблар, шифокорлар, мен сизларга мурожаат қиламан. Келинг ҳозирдан ватандошларимиз билан очиқчасига, гапга тўн кийдирмасдан гаплашишни бошлайлик», деган у вакцинацияни тезлаштириш зарурлиги ҳақида.

РБК

loading...