Британиялик депутат сайловчилар билан учрашув вақтида пичоқлаб ўлдирилди

0

Британия парламенти қуйи палатасининг консерваторлар партиясидан депутати Дэвид Эймесс Англия жанубидаги Ли-он-Си шаҳрида пичоқ билан ҳужум қилинди. Кекса депутат етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этди. BBC телеканалининг хабар беришича, воқеа депутатнинг шаҳардаги черковда жойлашган жамоатчилик қабулхонасида сайловчилар билан учрашуви вақтида юз берган.

Полиция маълумотларига кўра, 25 ёшли эркак қабулхонага кириб, 69 ёшли депутатга пичоқ билан бир неча марта зарба берган. Воқеа жойига етиб келган полициячилар эркакни қўлга олган. Унинг шахси ва жиноятни содир этиши сабаби ҳозирча номаълум. Депутатга ҳужум жойида кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай, у олинган жароҳатлардан вафот этган.

1983 йилдан бери Британия парламенти депутати бўлган сэр Дэвид Эймесс ўз сафдошлари ва сайловчилар орасида катта ҳурматга эга бўлган.

Британия бош вазири Борис Жонсон ўз интервьюсида ҳукмрон партия депутатининг ўлдирилишидан карахтга тушганини айтган. У марҳумни “намунали халқ хизматчиси” ва Британия сиёсатидаги “энг ёқимли ва яхши инсонлардан бири” бўлганини айтган.

“Бу ҳодиса барчамизга оғир зарба бўлди. Барча ўй-фикрларимиз марҳумнинг яқинлари, рафиқаси ва фарзандлари билан бирга”, деб айтган Жонсон. Бироқ у “Ушбу воқеадан кейин етакчи сиёсатчилар хавфсизлигини кучайтириш керакми?” деган саволга жавоб бермаган.

Эймесснинг вафоти муносабати билан Британия бош вазири қароргоҳи жойлашган Даунинг-стритда барча байроқлар тушириб қўйилган.

Таъкидланишича, ушбу ҳужум охирги йилларда британиялик депутатларга қарши содир этилаётган учинчи шундай ҳодисадир. 2016 йилда лейбористлар партияси аъзоси Жо Кокс ҳам сайловчилар билан учрашув вақтида экстремист қўлидан ҳалок бўлган. 2010 йилда эса партиянинг яна бир аъзоси Стивен Тиммсга пичоқ билан ҳужум қилинган.

РИА Новости

loading...