Париж мэри Франция президенти лавозими учун кураш олиб боради

0

Франция социалистик партияси Париж мэри Анн Идальгони 2022 йил апрелда ўтадиган президент сайловлари учун расмий номзод сифатида илгари суради.

Партия қурултойида номзодни танлаш бўйича ўтган овоз беришда 62 ёшли аёл сиёсатчи 1-ўринни эгаллаган.

Анн Идальго овоз беришдан кейин сўз олиб, тараққиёт, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини ҳамда тенгҳуқуқлиликни қўллаб-қувватлашини айтган. Унинг таъкидлашича, аёл сиёсатчи сифатида барча француз аёлларининг манфаатларини эътиборга олади ва ҳукуматга етказади. Шунингдек, Идальго атроф-муҳитни ҳимоялаш ва иқлим ўзгаришларига қарши курашни муҳим вазифалар деб атаган.

Анн Идальго Испанияда туғилган. У Париж мэри лавозимини 2014 йилдан бери эгаллаб келади. Сўровномалар натижаларига кўра, Идальгони сайловчиларнинг 5-7 фоизи қўллаб-қувватлашга тайёр.

Франция президенти лавозими учун асосий кураш амалдаги президент Эмманюэл Макрон ва “Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пен ўртасида кечиши кутилмоқда.

Бироқ баъзи сўровномаларга кўра, ўнг центристик қарашлари билан ажралиб турувчи журналист Эрик Земмур қўллаб-қувватланиш бўйича Ле Пенни ҳам ортда қолдирмоқда, бироқ ўз номзодини президент лавозимига илгари суриши ҳақида расман эълон қилмаган.

ТАСС

loading...