Пойтахтдан Тошкент вилояти шаҳарларига 120 километр тезликда юрадиган электропоезд йўлга қўйилади

0

Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарларига 120 километр тезликда юрадиган замонавий электропоезд ҳаракати йўлга қўйилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда маълум қилди.

“Пойтахтдан бу шаҳарларга 120 километр тезликда юрадиган замонавий электропоезд ҳаракати йўлга қўйилади. Бунинг учун 10 та электропоезд харид қилинади, уларда пойтахт билан ягона билет тизими жорий қилинади.

Ушбу шаҳарлардаги 800 дан зиёд кўп қаватли уйларнинг марказлашган иссиқлик таъминотини яхшилашга ярим триллион сўм ажратамиз. Шунингдек, реновация дастури доирасида 6 та шаҳардаги 45 та эскирган икки қаватли уйлар ўрнига, замонавий кўп қаватли уйлар қурилади.

Вилоятнинг туманларида ҳам, келгуси беш йилда 25 минг квартирали кўп қаватли уйлар барпо этилади, бу олдинги беш йилга нисбатан 3 баробар кўп. Шунингдек, келгуси беш йилда 220 та қишлоқ ва маҳаллада “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари амалга оширилади. Бу мақсадларга 2 триллион сўм йўналтирамиз.

Марказлашган ичимлик суви таъминоти 68 фоиздан 90 фоизга, канализация қамрови эса, 17 фоиздан 40 фоизга етказилади. Бунга 6 триллион сўм йўналтирилиб, 3 минг 800 километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари, 106 та иншоотлар барпо этилади. Натижада, Қуйи Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Зангиота, Тошкент ва Чиноз туманлари ҳамда Нурафшон шаҳридаги 1 миллионга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Шунингдек, 6 минг километр электр тармоқлари ва 1,5 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади. 

Энг муҳими, вилоят туманларини ўзаро ва пойтахт билан боғлайдиган Жамоат транспортини ривожлантириш дастури қабул қилинади. Дастур доирасида, 20 та янги йўналишлар очилади, 120 дан зиёд янги бекат қурилади, 13 та автостанция барпо этилади. Келгуси беш йилда Тошкент вилоятида 3,5 минг километр автомобиль йўллари ва 232 та катта-кичик кўприкларни қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, бунга 4 триллион сўм йўналтирамиз. Жумладан, пойтахтдан Улуғбек шаҳарчаси орқали, Чирчиққа олиб борадиган янги автомобиль йўли барпо этилади. Шунингдек, вилоят “Инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси”га қўшимча 100 миллион доллар ажратилади”, деди президентликка номзод.

loading...