Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги муаммоларни санади

0

“Янги Ўзбекистонни қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, Тошкент вилояти бўйича ҳам олдимизга янада катта марраларни белгилашимиз керак. Айниқса, саноат салоҳияти, қулай географик жойлашуви, бой табиий ресурслари, малакали ва меҳнаткаш аҳолиси етарли бўлган пойтахт вилоятини энг ривожланган ҳудудга айлантириш бўйича барча шарт-шароитлар мавжуд. Шу билан бирга, Тошкент шаҳри билан биргаликдаги уйғун ривожланиши ҳам вилоят учун кенг ва улкан имкониятдир.

Шундай бўлса-да, ишсизлик даражаси, аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, тоза ичимлик суви таъминоти, қишлоқ хўжалигини самарадорлиги бўйича вилоят мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан анча орқада қолмоқда. Мисол учун, вилоятда 130 минг аҳоли ишсиз, келгуси беш йилда 270 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Вилоят ичимлик суви манбаларининг “бошида” тургани билан, салкам 1 миллион аҳоли тоза ичимлик сувига муҳтож.

Аҳолининг олий таълим, мактаб ва касб-ҳунар тизимларидаги ўқитиш сифати, мактабгача таълим қамрови бўйича ҳам вилоят республикада пастки ўринларда. Жумладан, айни пайтда вилоятда 8 минг нафар малакали педагог, 11 минг муҳандис ва технологлар, 3 минг агроном ва ветеринар, 7 мингдан зиёд Ай-Ти, геология ва қурилиш-лойиҳалаш соҳаларида кадрлар етишмайди. Тошкент вилоятининг хизматлар, савдо, туризм, логистика борасидаги салоҳияти 50 фоизга ҳам ишга солинмаган десак, бу ҳам ҳақиқат.

Шу боис, келгуси беш йилда Тошкент вилоятида иқтисодиёт қандай ривожланади, аҳолининг ҳаёти қандай ўзгаради, одамларимиз учун нималар қилиб берамиз, уй-жой, даромад, иш ўринлари нимани ҳисобига бўлиши тўғрисида, бугун сиз азиз сайловчилар билан маслаҳат қилиб олмоқчиман.

Умуман, вилоятдаги кенг кўламли ислоҳотларимизнинг таянч нуқтаси бу – “инсон қадри”ни улуғлаш, аҳолининг келажакка ишончини янада мустаҳкамлаш бўлади.

Шунинг учун, бугун кўриб чиқиладиган беш йиллик дастур марказида: вилоятнинг 100 минг ёшларини энг замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш; барча соҳаларда камида 450 минг иш ўринларини яратиш; аҳоли даромадини камида 2 баробарга ошириб, камбағалликни кескин қисқартириш; ҳар бир маҳалла ва қишлоқда аҳолимиз учун, муносиб турмуш шароитларини яратиш бўлади”, деди президентликка номзод.

loading...