Гуманитар ёрдам

0

БМТ Афғонистонга ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида асосий логистика марказини очганди. Ушбу логистика марказига уч кун давомида БМТнинг Дубайдаги Логистика марказидан олиб келинган фавқулодда ёрдамнинг умумий оғирлиги 100 тоннани ташкил этди. Бу ҳақда ташкилотнинг Қочқинлар иши бўйича бошқармаси Twitter’даги саҳифасида маълум қилинди.

 

БМТ Афғонистон учун гуманитар ёрдам ортилган 3 та самолётни Термизга юбориши ҳақида 12 октябрь куни маълум қилинганди. Дастлабки самолёт 15 октябрь куни Термизга келиб қўнди. Гуманитар ёрдам ичидан афғон халқининг қишга тайёргарлик кўришида керак бўладиган бирламчи зарур буюмларни ўрин олган.

 

Ушбу гуманитар ёрдам юк машиналарига ортилиб Термиздан Ҳайратон чегара пункти орқали Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига етказилади. Унгача «Термиз карго маркази» терминалида сақланади.

 

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича бошқармасининг маълум қилишича, «Термиз карго маркази» терминали Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидан қарийб икки километр узоқликда жойлашган. Жойлашуви, ўлчами ва ўтказиш қобилияти, шунингдек, кўрсатадиган хизматлари сабаб терминал афғон халқига ёрдам кўрсатишда муҳим марказ сифатида қаралмоқда.

 

«Ўзбекистон ҳукуматига Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдирмоқчимиз. Биз ушбу ёрдамни етказиб беришнинг янги йўналиши Афғонистондаги гуманитар инқирозни бартараф этишга ва миллионлаб зиён кўрган одамларга ёрдам беради, деб ҳисоблаймиз», — деган БМТнинг Қочқинлар иши бўйича бошқармасининг Марказий Осиё бўйича вакили ўринбосари Думитру Липкану.

loading...