Паркентда тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари 1,5 млрд сўмдан ортиқ пулларни талон-торож қилгани аниқланди

0

Тошкент вилояти Паркент туманида бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаб, талон-торож қилган тиббиёт бирлашмаси ходимларининг иши судга оширилди, деб хабар беради вилоят прокуратураси.

 

Маълум қилинишича, Паркент туман прокуратураси томонидан туман тиббиёт бирлашмасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши, давлат мулки ва бошқа объектларнинг сақланиши юзасидан текшириш ўтказилган.

 

Текшириш якунига кўра, туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари 2019—2020-молия йилида бюджет ва смета-штат интизомини 1 миллиард 193 миллион 205 минг сўм миқдорда бузгани аниқланган. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари 1 миллиард 511 миллион 123 минг сўм пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

 

«Мазкур ҳолатлар 36 нафар туман тиббиёт бирлашмаси ходими ва ишга алоқадор гувоҳларнинг кўрсатмаларида баён этилган. Бундан ташқари, сохталаштириб, нотўғри маълумотлар киритилган табеллар, штат-смета ҳужжатлари ва бошқа далиллар иш ҳужжатларига қўшилган», — дейилади хабарда.

 

Таъкидланишича, айбланувчиларга нисбатан процессуал тартибда қамоқ, уй қамоғи ва гаров эҳтиёт чоралари қўлланилган.

 

Паркент туман прокуратураси томонидан тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 184(1)-моддаси (бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) 2-қисми ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган ва тергов якуни бўйича жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Паркент туман судига юборилган.

 

Аввалроқ Самарқандда болаларга ажратилган 5 кг гўштни олиб кетмоқчи бўлган боғча мансабдорлари йил бошидан буён бир тоннадан ортиқ гўшт «еб юборгани» аниқланганди.

loading...