Келгуси беш йилда интернет тезлиги беш баробар оширилади

0

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида сайловчилар билан учрашув вақтида интернет технологиялари соҳасида режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берди.

 

— Тез ривожланиб бораётган шаҳримизни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунда шаҳримизда деярли ҳар бир вояга етган инсон уяли телефондан кенг фойдаланмоқда, ҳар бир хонадонга Интернет жадал кириб бормоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишларни янада кенгайтириш – давр талаби. Келгуси беш йилда шаҳарда Интернет тезлигини 5 баробарга, рақамли хизматлар ҳажмини 3 баробарга ошириш режалаштирилган, — деди Шавкат Мирзиёев.

 

Маълум қилинишича, «Рақамли Тошкент» ва «Ақлли шаҳар» дастурлари амалга оширилиб, улар доирасида:

 

шаҳарда қуриладиган ҳар бир кўп қаватли уй-жой, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа объектлар юқори тезликдаги Интернет тармоғи билан жиҳозланиши шарт бўлади;

мавжуд 2 мингта тиббиёт ташкилотлари, боғча, мактаб, олийгоҳ ва маҳалла идоралари юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланади;

барча метро станциялари, автобус бекатлари ва бошқа жамоат жойлари симсиз Интернет тармоғи билан таъминланади;

давлат хизматлари ва пенсия тизими тўлиқ рақамлаштирилади;

шаҳар аҳолиси учун ягона тиббий карта, тиббий суғурта ва электрон рецепт ахборот тизимлари ишга туширилади.

loading...