Хадра майдони қайта тикланади

0

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви давом этмоқда.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 40 дан зиёд театр ва музейлар, 60 дан ортиқ концерт, томоша ва кинозаллар, очиқ майдонлар, 30 га яқин истироҳат боғлари ва хиёбонлар мавжуд.

 

Бундан ташқари, маданият ва санъат йўналишидаги олий ўқув юртлари, жумладан, Маданият ва санъат институти, Консерватория, Миллий мусиқа санъати институти, Хореография академияси, Миллий эстрада санъати институти ҳам Тошкент шаҳрида жойлашган.

 

–Ушбу улкан салоҳиятдан унумли фойдаланиб, пойтахтнинг 575 та маҳалласига маданият руҳини янада кенгроқ олиб киришимиз керак. Шу боис ҳар бир маҳаллада маданий ҳаётни бойитиш бўйича таклифларни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман,– деди Шавкат Мирзиёев.

 

Бу борада Тошкент шаҳрида Маданиятни кенг тарғиб қилиш жамғармаси ташкил этилиши маълум қилинди.

 

Ушбу Жамғарма ҳисобидан:

 

– ҳар бир маҳаллада ойида камида бир марта таниқли актёр ва хонандалар, санъат ва адабиёт намояндалари билан учрашувлар ўтказилади;

 

– маҳалла, парк ва очиқ майдонларда сайёр спектакль ва концертлар ташкил қилинади.

 

Бунга вилоят театрлари, санъаткорлар, бахшилар, мақомчилар ҳам жалб қилинади;

 

– шаҳар театрларига бориш учун, маҳаллалар орқали бепул билетлар тарқатилади;

 

– ҳафтада бир кун шаҳар музейларига кириш бепул бўлади.

 

Маданият ва санъат, тил ва адабиёт олийгоҳлари маҳаллаларда маданий тадбирларни ташкил қилишга бош-қош бўлади. Ушбу тадбирлар “Маҳалла” ва бошқа телеканаллар орқали кенг ёритилади.

 

–Умуман, бу ишларимиз ҳақиқатда “маҳаллада дув-дув гап бўлиб”, миллий маданиятимиз халқимиз қалбидан чуқур жой олишига ишонаман. Ўйлайманки, шаҳар фаоллари ушбу таклифларимни қўллаб-қувватлайдилар,– деди Шавкат Мирзиёев. – Шу билан бирга маданият соҳасига ҳам эътибор кучайтирилиб, 20 та маданият маркази қурилади ва реконструкция қилинади. Келгуси йилларда цирк биноси замонавий талаблар асосида таъмирланади ҳамда тарихий Хадра майдони қайта тикланади. 2023 йилда Тошкент шаҳрида “Халқаро цирк санъати” фестивалини ҳам айнан шу майдонда ўтказишни таклиф этаман.

 

Шунингдек, болажонларнинг яна бир севимли маскани бўлган Тошкент ҳайвонот боғи давлат-хусусий шериклик тамойили билан, янги концепция асосида тубдан ривожлантирилади ва пойтахтнинг энг гавжум гўшаларидан бирига айлантирилади.

loading...