Худо бераман деса ҳеч гап эмас! 70 ёшли аёл биринчи фарзандини дунёга келтирди

0

Ҳиндистонда яшовчи аёл 70 ёшида биринчи фарзандини дунёга келтирганини маълум қилди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Mirror нашри хабар бермоқда.

Живунбен Рабари ва унинг 75 ёшли турмуш ўртоғи Малдхари кўп йиллар давомида фарзанд кўриш орзусида яшаган, аммо бу амалга ошмаган. Охир-оқибат кекса аёл ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) усули билан она бўлишга эришган.

 

Эр-хотин мурожаат қилган доктор Нареш Бханушали журналистларга маълум қилишича, у дастлаб бу ғояга шубҳа билан қараган.

 

«Биринчи марта клиникамизга келганида уларга ёшлари катта бўлгани сабабли энди ота-она бўла олмасликларини айтганмиз, лекин мижозлар ўз гапида туриб олди. Уларнинг айтишича, оила аъзоларининг кўпчилиги сунъий уруғлантириш йўли билан фарзандли бўлган. Бу мен кўрган энг камёб ҳолатлардан бири», — деди шифокор.

 

Живунбен биринчи фарзандини 2021 йилда дунёга келтирган, аммо чақалоқнинг исми ҳам, жинси ҳам номаълум. Янги ота-она ҳозирча изоҳ беришдан бош тортмоқда.

 

Loop нашрига кўра, эр-хотин саводсиз бўлиб, Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Кемора қишлоғида яшайди.

 

Таъкидланишича, аёл ўз ёшини 70 деб кўрсатган, аммо буни асослаш учун ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган. Аммо маҳаллий нашрлар унинг ёшини тасдиқлади.

 

Қайд этиш жоиз, Ҳиндистонда кекса ёшдаги аёлларнинг фарзанд кўриш ҳолатлари тез-тез учрайди. Хусусан, 2015 йилда ҳиндистонлик аёл 70 ёшида эгизак фарзанд кўргани учун жаҳон рекордини ўрнатган бўлса, 2017 йилда 72 ёшли аёл биринчи марта фарзандли бўлган, 2018 йилда эса 65 ёшли аёл иккинчи бор оналик бахтига муяссар бўлган эди.

loading...