Россияга бориш учун қайси лабораторияга тест топшириш керак?

0

Бир неча ой олдин ишга туширилган «Путешествую без COVID-19» мобил иловаси МДҲ фуқаролари орасида жуда оммавийлашиб кетди, дейди ушбу лойиҳа куратори ва ЕОИИ Тараққиёт банки раиси ўринбосари Тигран Саркисян.
“Бугунги кунда МДҲ давлатларида дастурдан бир миллиондан ортиқ киши фойдаланмоқда. Ўзбекистон фуқаролари эса унинг ёрдамида аллақачон 198 минг маротаба ПЗР-тест топширишган”, – деди Саркисян.
Мобил илованинг асосий қулайлиги шунда-ки, бир мамлкатда вакцина олган ёки ПЗР-тест топширган фуқаронинг натижасини бошқа мамлакат текширув органи QR-код орқали текшириб кўриши мумкин. Бунда тест натижаси ва топширилган санаси ёки фуқаро қандай вакцина билан эмлангани ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилади.
“Фақатгина сертификатланган лабораториялар «Путешествую без COVID-19» тизимига қўшилиши мумкин. Бунинг учун улар маҳаллий ҳокимият орқали тизимга мурожаат қилишлари керак”, – дейди лойиҳа куратори.
Саркисян айтишига кўра, сертификатланган лабораториялар рўйхатини маҳаллий ҳукуматлар ўз қонунчилиги асосида белгилайди. Ўзбекистонда сертификатланган лабораториялар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Бугунги кунда Тошкентда – 50дан ортиқ, Самарқандда – 15дан ортиқ, Бухорода – 10 дан ортиқ, Фарғона водийсида – 30 дан ортиқ, Хоразм ва Қорақалпоғистонда 20дан ортиқ, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 20дан ортиқ лабораториялар рўйхатдан ўтган.
Ундан ташқари айни дамда коронавирус билан касалланган фуқаролар маълумот базаси шакллантирилмоқда. Ҳар бир давлатнинг назорат қилувчи органлари учун ушбу маълумот базаси жуда муҳим, дейди Саркисян.
Ҳозирча ушбу мобил илова фақат чегарани авиатранспорт билан кесиб ўтаётган фуқаролар учун амал қилмоқда. Айни дамда ундан автомобил ва темирйўл транспорти билан чегарани кесиб ўтган фуқаролар учун ҳам фойдаланишни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Маълумот учун, “Путешествую без COVID-19” — ЕОИИ Тараққиёт банкининг Рақамли ташаббуслар фонди томонидан ишлаб чиқилган биринчи лойиҳадир. Унинг вазифаси – пандемия шароитида фуқароларнинг бир давлатдан иккинчи давлатга хавфсиз ва эркин ҳаракатланишини таъминлашдир. Ушбу илова касаллик тарқалиш хавфини камайтиради ва давлатлароаро миқёсда ишончли назорат тизимини йўлга қўяди.
Бугунги кунда Россияга Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан кириб келаётган фуқаролар учун ушбу дастурдан фойдаланиш мажбурий деб белгиланган.
Шунингдек, ушбу давлатлар чегарасини кесиб ўтишда 72-соатдан эски бўлмаган ПЗР-тест таҳлилига эга бўлиши шарт деб белгиланган.

loading...