Автогол, пенальти ва 105-дақиқадаги ғалаба голи. «Насаф» «Ли Ман»ни мағлуб этиб, ОФК кубоги финалига йўлланма олди

0

ОФК кубоги яримфинали доирасида «Насаф» Қаршида Ҳонконгнинг «Ли Ман» жамоасини қийинчилик билан мағлуб этиб, финалга йўлланма олди.

«Марказий» стадионда 10 мингдан ортиқ томошабин қаршисида Рўзиқул Бердиев жамоаси дастлабки дақиқалардан ҳужумга ўтиб, 4-дақиқадаёқ ўйингоҳ трибуналари ларзага келди. Бурчакдан Суҳроб Нуруллоев томонидан етказилган тўпни рақиб футболчиси Фернандо Ресио ўз дарвозасига киритиб қўйди – 1:0.

Кетма-кет ҳужумлар натижасида 26-дақиқада ҳисобдаги фарқ иккитага ошди. Бу сафар Ойбек Бозоровнинг узатмасини қайтаришда рақиб посбони қўпол хатога йўл қўйди ва бундан Ҳусайн Норчаев фойдаланиб, турнирдаги 7-голини киритган ҳолда тўпурарлар рўйхатида пешқадам сифатида қолди.

Иккинчи бўлимни кутилмаган ҳужум билан бошлаган меҳмонлар 47-дақиқадаги дастлабки ҳужумни голга айлантиришди. Бразилиялик форвард Живанилтон ҳисобдаги фарқни қисқартирди – 2:1.

65-дақиқага келиб меҳмонларнинг навбатдаги қарши ҳужуми пенальти билан якунланди. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Хосе Анхель ҳисобдаги фарқни йўққа чиқарди – 2:2.

«Насаф» 90+3-дақиқада ғалабани илиб кетиши мумкин эди, аммо Эшмуродовнинг бош билан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди.

Ўйиннинг асосий вақти жанговар дуранг билан якунига етгач, ҳакам жамоаларни қўшимча бўлимларга таклиф этди. Қўшиб берилган дастлабки 15 дақиқалик якунига етаётганда Калудерович ажойиб зарбаси билан стадионни ларзага келтирди – 3:2.

Ушбу гол якунда «Насаф»га ОФК кубоги финали йўлланмасини тақдим этди. Қарши клуби турнирдаги 2011 йилги чемпионлигидан 10 йил ўтиб, ўз тарихида иккинчи марта ОФК кубогида ғолиб чиқиш имкониятига эга.

ОФК кубоги. Яримфинал.
«Насаф» – «Ли Ман» (Ҳонгконг) – 3:2
Қарши, 9 890  томошабин.

Ҳакам: Моуд Бонядифард (Эрон)
Голлар: Фернандо Ресио (ўз дар.) 4, Ҳусайн Норчаев 26, Андрия Калудерович 105 – Живанилтон 47, Хосе Анхель Мартин 65 пенальти.
«Насаф»: 1.Умиджон Эргашев, 4.Ҳусниддин Алиқулов (5.Ғолиб Ғайбуллаев, 57), 8.Дилшод Саитов (15.Жўрабек Маннонов, 102), 10.Баҳром Абдураҳимов (99.Андрия Калудерович, 78), 19.Ҳусайн Норчаев (7.Дониёр Нарзуллаев, 107), 20.Суҳроб Нуруллоев (50.Шоҳмалик Комилов, 103), 22.Акмал Мозговой, 34.Шерзод Насруллаев, 77.Ойбек Бозоров, 88.Марко Станоевич, 92.Умарбек Эшмуродов.
«Ли Ман» (Ҳонконг): 88.Юэн Ҳо Чун, 2.Фернандо Ресио, 3.Цуи Ванг Кит, 5.Ю Вай Лим, 10.Жонатан Акоста, 13.Диего Эли Морейра, 14.Хосе Анхель Мартин, 16.Нган Лок Фунг, 26.Вонг Чун Ҳо, 91.Живанилтон Феррейра Мартинс, 99.Ким Сон Йонг (11.Ченг Сиу Кван, 74).

loading...