БОШИ ДЕВОРГА УРИЛГАН УЧОВЛОН

0

Жиззахдан Тошкент томон йўлга чиққан Самар бир маромда кетаётган «Ласетти»нинг олд ўриндиғида ўтирганча хаёлга толиб борарди. Эндигина 23 ёшни қаршилаган бу йигитнинг бутун фикру зикри ҳозир тезроқ Тошкентга етиб олиш-у, ўйлаган режасини тезроқ амалга ошириш билан банд эди. Эҳ, агар ҳаммаси Самарнинг кўнглидагидек силлиқ ва хамирдан қил суғургандек битса, роса зўр бўларди-да, ахир у бундан аввалроқ кўриб, кўз остига олиб қўйган уяли алоқа воситалари билан савдо қилувчи дўконда мобиль телефонлар жуда кўп эди. Бунинг устига дўконнинг иш бошлаганига ҳали унчалик кўп бўлмаган, демакки, дўкон эгаси хавфсизлик чораларига эътибор қаратиб улгурмаган бўлиши керак, нари борса, сигнализация ўрнатилгандир, ундан ортиқ эмас. Аммо Самарни айни пайтда дўконга ўрнатилган сигнализациядан ҳам кўра кўпроқ ўзига ишончли шерик топиш муаммоси қийнаётганди. Ахир бунақа ишни шериксиз бажариб бўлмайди. Чунки шундоққина катта йўл ёқасида жойлашган савдо марказидаги дўконга ёлғиз кириш ғирт аҳмоқлик эканлигини Самар яхши билади. Қолаверса, олдин ҳам ўғрилик қилган эмасми, бу борада озми-кўпми, ҳарқалай, тажрибаси бор…

Хаёл суриб кетаётган Самарнинг эсига лоп етиб холасининг ўғли Тўлқин тушди. Ахир Тўлқин шу кунларда укаси Учқун билан бирга пойтахтда ишлаб юрибди-ку! «Қани, аввал Тўлқинга бир қўнғироқ қилиб, ундан ҳол-аҳвол сўраб, кайфиятини билай-чи», деб ўйлади Самар ва ёнидан қўл телефонини чиқариб, холаваччасиниг исмини топди-да, яшил тугмачани босди. Тўлқин ҳам бекорчиликдан зерикиб ўтирган экан, шекилли, дарров жавоб қайтарди.

— Алло, ассалом алайкум, Самар ака, яхшимисиз? Соғлиқларингиз жойидами? Уйдагилар яхши юришибдими?

— Раҳмат, ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Ўзинг тузукмисан? Учқун ҳам ишлаб юрибдими? Тинчмисанлар, ишқилиб?

— Раҳмат, Самар ака, раҳмат!

— Менга қара, Тўлқин, мен ҳозир йўлдаман, узоғи билан икки соатларда Тошкентда бўламан. Ҳеч қаёққа кетиб қолмасдан иш жойингда бўлиб тур, сенда гапим бор.

— Қойилман сизга, Самар ака, ўзингиз Жиззахда бўлсангиз ҳам бу ёқлардаги ишларниям битириб кетаверасиз-а. Бу дейман, каттароқ қурилишдан иш топдингизми?

— Кўп нарса билсанг, тез қариб қоласан! Тушундингми? Ҳа, айтгандек, уканг ҳам ёнингда бўлиб турсин, хўпми?

— Бўлди, ака, бўлди, сиз айтасиз-у, бизлар йўқ дермидик…

Шу билан алоқа узилди. Қариндоши билан гаплашиб, кўнгли анчайин хотиржам тортган Самар ухлаш мақсадида кўзларини юмди. Ахир бугун тунда унинг ухламаслиги аниқ эди-да.

Соат миллари тахминан 20: 30ни кўрсатиб турган бир пайтда пойтахтнинг Қушбеги даҳасида уч йигит учрашишди. Булар ҳикоямиз аввалидан бизга таниш бўлган Темиров Самар Фазлиддин ўғли (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган), Бекқулов Тўлқин Салимжон ўғли ҳамда унинг 2004 йилда туғилган укаси Учқун Бекқулов эди.

— Менга қара, Тўлқин, ҳадеб мардикор ишлайвериш жонингга тегмадими? — дея холаваччасига савол берди Самар ундан ҳол-аҳвол сўраганидан кейин.

— Ҳа, энди, қўлимиздан бошқа иш келмагандан кейин… — ерга қараганча минғиллади Тўлқин.

— Қўлимиздан бошқа иш келмайди, деб елкангни қисиб, қурилишда ишлайверсанг, биринчидан, косанг ҳам оқармайди, иккинчидан, бир умр катта шаҳарда итнинг орқа оёғи бўлиб юраверасан! — дея овозини бир парда кўтариб сўзлай бошлади Самар. — Уканг ҳам сендай бўлади, ундан ортиқ эмас!

— Энди сиз шаҳарда туғилиб-ўсгансиз, бу ерларнинг иссиқ-совуғини, нима қилса, катта пул топиш йўлларини биласиз, бизларга ҳам шуларни ўргатинг-да, ака! Бизнинг ҳам косамиз оқариб, қўлимиз даста-даста пул кўрсин! — дея ялтоқланиб холасининг ўғлига кўз тикди Тўлқин гапнинг нишаби қаёққа қараб кетаётганини англамай туриб.

— Эй, бунинг учун юрак керак! Сенларнинг мен айтган ишни қилишга юракларинг дов бермайди! — деди Самар қариндошларига айёрона кулиб қараркан.

— Самар ака, аввал сиз нима иш эканлигини айтинг-чи, ундан кейин биласиз бизларнинг юрагимиз борми-йўқми, — деди Тўлқин.

Самар сўзлашдан олдин кўзларини аланг-жаланг қилганича атрофга синчиклаб қаради. Кейин гўё шивирлагудек бўлиб «Битта дўконга ўғриликка тушамиз. Нима дейсизлар?» деб сўради. «Ўғрилик» сўзини эшитгани ҳамоно Тўлқиннинг оёғи қалтираб кетди ва «ялт» етиб, ёнида турган укасига қаради. Аммо вояга етмаган бўлишига қарамасдан Учқун акасига нисбатан довюракроқ эканми ёки ҳали йигитча қилинадиган жиноий ишнинг оқибатини ўйлаб кўрмадими, индамай тураверди. Буни ўзича тушунган Тўлқин холаваччасининг юзига дадил боқди-да, қўли билан чап томонни кўрсатар экан:

— Жа сизга ўхшаб у ёқда бўлиб келмасак ҳам, қуён юракли эмасмиз! Шундай экан, гапнинг бўладиганини айтаверинг! — деди.

— Унда гап бундай, — дея қариндошларини янада ёнига яқинроқ чорлади кўзлари осон ўлжа илинжида ўтдек ёна бошлаган Самар, — ҳозир учаламиз биргаликда Жанубий вокзалдаги савдо марказига борамиз. Мен ўша ернинг биринчи қаватидаги телефон сотадиган дўконни кўз остимга олиб қўйганман. Бир амаллаб дўкондаги зўр-зўр телефонларни ўмарсак борми, бир дунё пул бўлади!

Бу сўзларни эшитган ака-укаларнинг оғзидан суви қочди. Улар айни вақтда ўзларини гўёки ростдан ҳам бир дунё пули бор одамлардек ҳис қилишган бўлса ҳам ажаб эмас. Тўлқин билан Учқуннинг қандай ҳолатда эканини яхши билиб турган Самар эса фурсатни ғанимат билиб, темирни қизиғида босишга аҳд қилди:

— Дўкондан қанча телефон олиб чиқсак, ҳаммасини бозорга олиб чиқиб сотамиз-да, тушган пулни тенг бўлиб оламиз! Маъқулми?!

Бекқуловлар унинг сўзларига бош ирғаб розилик билдиришди.

— Ундай бўлса, олдиндан келишиб олайлик. Дўконга мен билан, Тўлқин, сен кирасан. Учқун агар биронта одам келиб қолса, дарров бизга хабар бериш учун ташқарида пойлаб туради. Дўконнинг ичида камера ишлаб турибди. Шунинг учун мен эшикнинг қулфини бузиб, ичкарига кирганимдан кейин зудлик билан электрошитдан чироқни ўчириш керак. Кейин бемалол мобиль телефонларни олиб, у ердан жуфтакни ростлаб қоламиз.

Ака-укалар бу сафар ҳам жим туришди. Сукут — аломати ризо. Шундан сўнг Самар Темиров аввал холаваччаларига дўконни кўрсатиб келди-да, кейин уларни бекатда қолдириб, ўзи «иш» учун лозим бўлган асбоб-анжомларни олиб келгани кетди. Тўлқин эса вақтни бекор ўтказмади. У савдо марказини айланган киши бўлиб, секин дўконларни кўриб чиқаркан, уяли телефон аппаратларини сотадиган дўкон растасига кўз ташлашни ҳам унутмади. Растада энг сўнгги русумдаги мобиль телефон аппаратлари «Мени ол, мени ол», дегандек тахланиб турарди. «Эҳ-ҳэ, — дея ичида гапирганча қиммат телефонларга суқланиб қаради Тўлқин чўнтагидаги нисбатан арзонроқ айфонини ушлаб-ушлаб қўяркан, — бир хил телефонларнинг нархи салкам ўн миллион экан-ку! Мана буниси ўн икки миллион, анавиниси ҳатто ўн тўрт милллион! Одамлар ҳам жинни бўлганми, нима бало?! Ахир бу пулга қишлоғимизда битта зўр от беради-ку! Агар бир амаллаб дўконнинг ичига кириб олсак, энг аввал мана шу қиммат телефонларни чўнтакка урардим-да!».

Соат тунги 02: 00 ларда С. Темиров уларнинг олдига қайтиб келди. Орадан яна икки соатча вақт ўтгач эса аввал келишилганидек Учқун ташқарида қолиб, бирон киши келиб қолмаслиги учун атрофни кузатиб турди. Самар ёнидаги сумкадан темир қайчи олиб, уни Тўлқинга узатди ва дўкон эшигининг занжирини қандай бузиш кераклигини тушунтирди. Шундан сўнг С. Темиров билан Т. Бекқулов юзига тиббий ниқоб таққан ҳолда дўкон эшигига яқинлашишди. Тўлқин қўлидаги темир қайчи билан дўкон эшигига ўрнатилган занжирни чаққон ҳаракатлар билан кесиб, эшикни очди. Ҳаяжондан юраги дук-дук ураётган Самар биринчи бўлиб дўкон ичига кирди. Тўлқин бўлса «яхши» шогирд чиқиб қолди. У ичкарига кириши билан чап томонда турган электр ҳисоблагични очиб, чироқларни ўчирди. Чунки дўконга киришдан олдин холаваччасининг дўконга киргани ҳамоно чироқни ўчириш кераклиги, негаки дўконга камера ўрнатилгани ва юзлари кўриниб қолиши мумкинлигини айтгани унинг ёдида эди. Чироқ ўчганидан сўнг улар ўнг томондаги растага қўйилган уяли алоқа воситаларини олиб, апил-тапил сумкага жойлаштира бошлашди. Сумкага тахминан 10дан ортиқ телефонни солганларидан кейин икки шоввоз дўкондан ташқарига қайтиб чиқишди. Сўнг учовлон таксига ўтириб, халқ тилида «Отчопар» деб ном олган буюм бозори қаршисидаги меҳмонхонага бориб, битта хонага жойлашишди. Кейинроқ ўзларига келиб, ўғирланган телефон аппаратларини сумкадан олиб саноқдан ўтказишса, нақд 19 дона мобиль телефон аппаратини ўмаришгани маълум бўлди.

— Эҳ, сал шошилдик-да, Самар ака, агар ҳадеб «бўл-бўл» қилавермаганингизда яна беш-ўнта зўр-зўрларидан олардим! — деди Тўлқин сумкадан чиқарилиб, полга ёйиб қўйилган телефонларга очкўзлик билан қараркан.

— Ҳолванинг ҳам ози ширин, билдингми? — дея жавоб қайтарди унинг бу сўзларига Самар хунук иршайиб қўяркан. — Агар мана шу телефонларни ҳам яхшилаб сотиб олсак, пулига уч-тўрт ой маза қилиб яшаса бўлади.

— Айтганча, буларни қандай сотамиз? Ахир… — Тўлқиннинг гапи бўғзида қолди.

— Бу ёғи билан ишинг бўлмасин, ахирини ҳам, тахирини ҳам менга қўйиб бераверасан. Тонг отсин, тўрт дона телефон аппаратини «Малика»га олиб бориб шоколад қилиб сотиб, пулини сенларнинг қўлларингга тутқазаман! Бўладими шундай қилсак?! — дея мақтанди қариндошининг сўзини бўлган Самар.

— Албатта, албатта, — дейишди жўровозда хурсанд бўлиб кетганларидан оғизларининг суви қочган ака-укалар.

— Ундай бўлса, менда битта таклиф бор: ҳозир ётиб ухлаймиз. Турганимиздан кейин «Малика»га телефонларни сотгани борамиз, — деди Самар ва чуқур-чуқур ҳомуза тортиб қўйди.

* * *

«Малика» савдо мажмуаси. Дўконлардан бирига икки йигит кириб келди. Уларнинг бўйи новчароғи қўлидаги «Самсунг S21» телефон аппаратини сотувчига кўрсатиб, «Ака, бу «Самсунг S21»ми?» деб сўради. Сотувчи телефон аппаратини қўлига олиб, айлантириб кўрганидан кейин «Ҳа, бу «Самсунг S21», дея жавоб берди.

— Бошқа битта дўкондан сўрасак, «Самсунг S21»-ку, лекин ултраси, дейди. Ўзи бу аниқ қанақа модель, «Самсунг S21» ултрами ёки плюсми? — дея тағин савол берди ҳалиги йигит.

Сотувчи унинг қўлидаги аппаратни олиб, яхшилаб кўздан кечираркан:

— Ие, бу растага реклама учун қўйиладиган телефон-ку, қаердан ўғирладинг?! — деб сўради.

— Ока, ўзингизча нималар деб ташлавотсиз? Бу ҳеч қанақанги ўғирлаган телефон эмас, биз уни ўртоғим билан топиб олдик, — деди телефонни сотувчига кўрсатган йигит.

— Бунақа қиммат телефонлар ҳар ердаям ётмайди, укам, тўғрисини айт, қаердан ўғирладинг?! — овози тобора кўтарила бошлади сотувчининг.

— Ока, бугун эрталаб Қушбеги томондаги дўкон олдидан барсетка топиб олдик. Ичини очиб қарасак икки юз АҚШ доллари, юз эллик минг сўм пули, телефон аппарати, қувватлагич ва маска бор экан. Лекин сиз ўйлаганингиздек бирон жойдан ўғирлаб келмадик, окажон! — дея имкон қадар юмшоқроқ сўзлади бир зумда кўз қорачиқлари ўйнай бошлаган йигит.

— Бу сўзларингга ўлсам ҳам ишонмайман! Чунки, айтдим-ку, бу телефон сотувга чиқадиган эмас, растада кўргазма учун турадиган телефон! Бу аппаратни аниқ бирорта дўкондан ўмаргансанлар! Мен ҳозир буни аниқлайман! Унгача телефон шу ерда туради! — деди сотувчи ва қўлидаги телефон аппаратини стол остига қўйиб қўйди.

— Ока, нима, мени ёш бола қиляпсизми? Мен бунинг эгасини топиб, суюнчи олишим керак, телефон аппаратини қайтариб беринг! — деди новча йигит.

— Менга телефон аппаратининг қутисини олиб келинглар ёки ўзим эгасини топиб бериб юбораман, гап тамом! — деди тоқати тоқ бўлган сотувчи ҳам.

— Ока, ўзингиз қиммат телефон, деб айтяпсиз. Биз кетгач, эгасига қайтариб бермай, ўзингиз сотиб юборсангиз нима бўлади?

— Унда мен ҳозир «Самсунг» телефон аппаратлари олди-сотдиси билан шуғулланувчи фирмада ишловчи танишимга қўнғироқ қилиб, менга «Самсунг Галакси S21 ултра» русумли растага реклама учун қўйиладиган телефон аппарати олиб келишганини айтаман. Агар кеча ёки бугун телефон аппарати йўқолганлиги бўйича уларга хабар келиб тушган бўлса, унда мендан хафа бўлма, телефон дўконда қолади. Келишдикми? — деди сотувчи йигит ва тезда ўзига керакли одам билан боғланиб, воқеани унга қисқача баён қилди.

«Бунақа хабар келиб тушмади-ку-я, лекин, барибир, телефон аппаратини бериб юбормай тур ва яхшиси, менга телефоннинг серия рақамани ташлаб бер, ўн дақиқада аниқлик киритаман», деган жавоб бўлди унга. Орадан тахминан 2 дақиқа вақт ўтар-ўтмас сотувчи йигитнинг телефонига танишидан қўнғироқ бўлди: бу телефон савдо мажмуасида жойлашган дўконга тегишли экан.

Шундан сўнг сотувчи йигит — Сардор Холиқовнинг ҳушёрлик қилиб, дўконга келган ҳар иккала йигитни ниқобсиз ҳолда суратга олишга улгурди. Англаган бўлсангиз керак, бу олғир йигитлар С. Темиров ҳамда унинг қариндоши Т. Бекқулов эди. Улар Сардорнинг дўконга кирган харидорга чалғиганидан фойдаланиб, тезда жуфтакни ростлаб қолишди. Аммо «Бузоқнинг югургани сомонхонагача», деган мақол яна бир бор исботини топиб, орадан кўп вақт ўтмасдан ўғрилар қўлга тушди.

Суд ҳукмига кўра, Самар Темировга узил-кесил 5 (беш) йил 2 (икки) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тўлқин Бекқуловга 4 (тўрт) йил, унинг укаси Учқун Бекқуловга эса 1 (бир) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Осон ва тез бойиш илинжида бўлган учовлоннинг шу тариқа пешоналари деворга урилди. Ишқилиб, улар бундан ўзларига керакли сабоқ олишса бўлгани.

Алишер ЖАЛИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси

Суннатулло АБДИМУРОД ўғли, журналист

loading...