Чехияда сиёсий инқироз: Президент номаълум ташхис билан касалхонада, у ваколатидан маҳрум қилиниши мумкин

0

Чехияда мамлакат президенти Милош Земаннинг саломатлиги ёмонлашгани сабаб сиёсий инқироз ҳолати юзага келди. Мамлакат полицияси Земан касалхонага ётқизилиши, унинг касаллиги ҳақида маълумотни эълон қилиш жараёнини текширмоқда. Сенаторлар эса импичмент ҳақида гапиришди.

10 кун аввал Чехияда парламент сайловлари ўтказилди. Унда Земаннинг дўсти бўлмиш бош вазир Андрей Бабишнинг партияси мухолифатга имкониятни бой берганди. Эртасига мағлуб бўлган Бабиш билан кўришгач, Земаннинг саломатлиги ёмонлашиб, жонлантириш бўлимига тушиб қолганди. Шифокорларга унга қандай тахшис қўйилгани ҳақида маълумот бериш тақиқланган. ОАВда эса президент жигар циррозидан азият чекаётгани ёзилди. Президент вакиллари бу маълумотни рад этиб келишмоқда.

Душанба куни Чехия парламенти юқори палатаси спикери Милош Вистрчил президент ортиқ ўз вазифасини бажара олмаслигини маълум қилди. У Прагадаги ҳарбий госпитал бош шифокоридан олган маълумотларини айтган. Спикернинг сўзларига кўра, шифокор Земаннинг ҳолати мураккаблиги ва унинг ишга қайтиш эҳтимоли паст экани ҳақида гапирган.

Сешанба куни Чехия полицияси президент администрацияси раҳбарларига нисбатан суриштирув бошлади. Полиция президентнинг саломатлиги ҳақида маълумотларнинг тарқатилиши, ҳатто унинг касаллик тарихини ҳам суриштирмоқда. Айбловлар орасида саботаж варианти ҳам бор. Бу борада конкрет айблов ҳам илгари сурилган – мамлакат конституцион тузуми ва мудофаасига салбий таъсир кўрсатиш. Шунингдек, давлат органлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айбловлари ҳам илгари сурилган.

Земан 8 ноябрда ҳар икки палата депутатлари учрашуви ҳақида қарорга имзо чеккан. Полиция ўша имзо ҳам президентнинг атрофидаги кимдир томонидан сохталаштирилган бўлиши мумкинлигини текширяпти.

Импичмент варианти

Чехия сенатининг конституцион комиссияси саломатлиги ёмонлашгани сабаб Земанни ваколатидан маҳрум қилиш жараёнини бошлашни таклиф қилган.

«Комиссия аъзолари президент Милош Земаннинг саломатлиги ҳақида Прага марказий ҳарбий госпитали томонидан юборилган ҳужжатларни диққат билан ўрганди. Унда президентнинг ҳолатини аниқлаш мураккаб даражада экани ва у ўз ваколатларини бажаришга қодир эмаслиги ёзилган. Шу сабаб комиссия мамлакат конституцияси 66-моддасини фаоллаштирган ҳолда президентни ваколатини вақтинча маҳрум қилишни таклиф қилади», дейди Чехия сенати конституцион комиссияси раҳбари Зденак Граба.

Чехия парламенти юқори палатаси спикери Вистричал ҳам шу фикрни айтди: «Афсуски, бизда бошқа вариант йўқ. 66-моддани қачон ва қай тартибда фаоллаштириш ҳақида ўйлашимиз керак».

Президент ваколатлари юқори ва қуйи палата вакиллари ўртасида овоз бериш жараёнида кўпроқ овоз берилган тақдирда бекор қилинади. Бундай ҳолатда президент ваколатлари қуйи палата спикери ва унинг танлови билан тайинланадиган бош вазирга ўтади.

Чехия сенатининг навбатдаги йиғилиши 26 октябр куни ўтказилади ва шу куниёқ Земаннинг президентлик ваколатларини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилиниши мумкин. 10 кун олдин сайланган қуйи палата эса янги таркибдаги илк йиғилишини 8 ноябрда ўтказади.

Милош Земан сайловда Бабишни унинг партияси етарли овоз тўпламаса ҳам бош вазир этиб тайинлашини айтганди. Эндиликда Земаннинг кетиши мухолифат учун ҳукуматни ортиқча тўсиқлар ва муаммоларсиз шакллантириш имконини бериши мумкин.

Бабиш импичмент масаласини қоралади ва унинг ўрнига Чехия президенти администрацияси раҳбари Вратислав Минарж истеъфога чиқиши кераклигини айтди. «Жаноб Минарж президентга қилиши мумкин бўлган ягона яхшилиги истеъфога чиқиши бўлади. Унинг ҳаракатлари сабаб вазият шунчаликка келиб қолди», деди Бабиш матбуот анжуманида.

Агар парламентнинг икки палатаси ҳам Земаннинг ваколатларини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарса, Чехия президенти ваколати вақтинча бекор қилиниши мумкин. Яъни фақат президент саломатлиги яхшилангунга қадар. Бу ҳолатда президентнинг асосий функцияси қуйи палата спикерига ўтади.

Мамлакат сиёсий ҳаётида ўзгаришга сабаб бўлган парламент сайловларида бош вазир Андрей Бабиш бошқарувидаги ANO ҳаракати («Норози фуқаролар акцияси») мухолиф кучларга мағлуб бўлиб, иккинчи ўринни қўлга киритди. Сайловда Фуқаролик демократик партияси, Христиан-демократлар кенгаши ва TOP 09 партияларидан иборат «Биргаликда» («Вместе») коалицияси ғалаба қозонди. Коалиция вакиллари қуйи палати спикери ва бош вазир уларнинг одами бўлиши кераклигини айтишмоқда.

Земаннинг ваколатидан маҳрум қилиниши унинг ўринбосари деб қаралган 67 ёшли Андрей Бабиш учун жиддий зарба бўлади. Чунки Земан уни ҳар қанақасига бош вазир этиб тайинлашини айтганди. Бабишнинг ўзи эса ҳукуматга ёпишиб олмаслиги ва унга таклиф қилишса ҳам, бош вазирликдан кетишини айтди.

Олдинроқ Земан қуйи палата янги таркибда 8 ноябр куни йиғилиш ўтказиши борасида қарор чиқарган ва фақат шу учрашувдан кейингина янги ҳукуматни ташкил этиш жараёни бошланади.

77 ёшли Милош Земан 2013 йилдан буён Чехия президенти лавозимида ишлаб келади. Чехияда президент 5 йил муддатга сайланади. Бир киши фақат икки марта ўз номзодини кўрсатиши мумкин.

ТАСС

loading...