Елизавета II «Йил кампири» мукофотини олишдан бош тортди

0

2021 йилнинг апрелида 95 ёшни қаршилаган Буюк Британия қироличаси Елизавета II Англиянинг The Oldie журнали томонидан топшириладиган «Йил кампири» мукофотини олишдан бош тортди. Қиролича ушбу мукофот учун ўзини жуда ёш ҳис қилишини айтган. Бу ҳақда мукофот раиси Жайлс Брандресга таяниб, Esquire хабар берди.

Мукофот 29 йилдан буён «жамоатчилик ҳаётига алоҳида ҳисса қўшган шахсларга» топшириб келинади. 2021 йилда мукофотга Елизавета II пандемияга қарши курашишдаги роли, шунингдек, 2022 йилнинг июнида қироличанинг тахтга ўтирганига 70 йил тўлиши муносабати билан нишонланадиган «платина юбилейи» сабаб лойиқ кўрилган.

Бу каби эътирофга Елизавета II нинг вакиллари жавоб қайтарган: «Ҳазрати олиялари инсон ўзини қандай ҳис қилса, шунча ёшда эканига ишонади ва шу сабабли қиролича мукофотни олишдаги зарур мезонларга ўзини мос келади деб ҳисобламайди, унга муносиб совриндор топишларингизга умид қилиб қолади».


2011 йилда The Oldie журнали Елизавета II нинг турмуш ўртоғи Эдинбург герцоги Филиппга «Йилнинг энг яхши турмуш ўртоғи» мукофотини топширган эди. Ўшанда шаҳзоданинг шахсан ўзи маросимга ташриф буюра олмаган, аммо мукофот ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирганди.

Аввалроқ Қиролича Елизавета II га шифокорлар спиртли ичимликлардан воз кечишни тавсия қилгани тўғрисида хабар берилганди.

loading...